Тарихий-маданий меросни сақлашда ҳамкорлик

Тарихий-маданий меросни сақлашда ҳамкорлик

papvapvap.jpg

 

     Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори бошчилик қилаётган Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари вакилларидан иборат делегация Истанбулнинг Усмоний султон Меҳмет Фотиҳ томонидан фатҳ этилишига бағишланган “Панорама 1453” музейи экспонатлари ва музейнинг инновацион тажрибаси, 3D-проекцияси билан танишди.

     Музейдаги 360 даража панорамали улкан расмни ўз ичига олган асосий экспонатнинг диаметри 38 метрни ташкил этади. Аммо расмнинг тақдимот усули уни анчайин катта қилиб кўрсатади, шу боис ҳақиқий ўлчамларни идрок этиб бўлмайди. Ташриф буюрувчилар эса дастлабки сонияларда бу кўринишдан ҳайратда қолади. Шунингдек, иллюзияларни таъсир кучини оширувчи ўқ отишмалари, аскарларнинг қичқириғи ва жанговар мусиқа каби турли хил товуш эффектлари ҳам мавжуд.

     Музейдаги расмларни тайёрлаш жараёнида 100 йил давомида ҳам эскирмай, асл ҳолича сақланадиган пигмент бўёқдан фойдаланилган. “Панорама 1453” тарих музейининг асосий залидаги улкан панорамали расмда жуда кўп миқдордаги шакллар мавжуд.

    Панорама 1453” тарих музейининг кириш қисмида анъанавий музейни эслатувчи кўргазма ҳам ташкил қилинган. У ерда Истанбулнинг забт этилиши ҳақида маълумот берувчи уч босқичли хариталарни кўриш мумкин.

     Шунингдек, бино ташқарисида вертолёт симулятори ҳам бор. Унинг ёрдамида симуляция қилинган парвозда Топкапи саройи, Бергама ва Эфесдаги қадимги юнон шаҳарлари, Aспендос, Каппадокия, Немрут тоғи, Улудаг, Босфор, Қиз қалъаси, Долмабаҳче саройи, Султон Аҳмет каби турли жойларга виртуал саёҳат қилиш мумкин.  

     Делегация аъзолари музей билан танишиб чиққач, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти "Ўзбекистон обидаларидаги дурдона битиклар" китоб альбомининг 10 та жилди “Панорама 1453” тарих музейи кутубхонасига Ўзбекистон номидан туҳфа этилди. Ўз навбатида мезбонлар Ўзбекистонда диний-маърифий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолашди ва туҳфа этилган китоблар учун миннатдорлик билдирди. 

     Учрашув давомида музей директори билан ҳамкорлик бўйича музокаралар ҳам олиб борилди ва ўзаро ҳамкорликнинг келгуси босқичлари муҳокама қилиди. Ҳамкорлик тарзида лойиҳалар амалга оширилишига келишилди.