“Тараққиёт стратегияси” марказида матбуот анжумани
“Тараққиёт стратегияси” марказида матбуот анжумани

“Тараққиёт стратегияси” марказида “Аҳоли фаровонлигини таъминлаш, ёшлар сиёсати, спорт, маданият ҳамда моддий ва маънавий меросларни асраш: мақсад ва вазифалар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Анжуман такомиллашаётган “Ўзбекистон – 2030” стратегияси лойиҳаси ҳамда “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили"даги устувор йўналишлар бўйича ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича Давлат дастури лойиҳаларининг жамоатчилик муҳокамасига бағишланди.
Тадбирда мазкур лойиҳаларда белгиланган вазифалар, уларнинг натижалари, стратегияни такомиллаштириш зарурати, бу борада олиб борилаётган ишлар, келгусида кўзланаётган марралар ҳақида сўз борди.
Вазирлик ва идоралар вакиллари такомиллашаётган “Ўзбекистон - 2030” стратегияси ва Давлат дастури лойиҳаларида кўрсатилган ўз йўналишларига тааллуқли вазифалар ҳамда белгиланган кўрсаткичлар ҳақида тушунтириш берди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида санъат ва маданият йўналишидаги таълим муассасаларида сифатни янги босқичга кўтариш, масканларни ўқув адабиётлари билан таъминлаш борасида бир қатор вазифалар кўзда тутилмоқда. 2025 йилги ўрганишлардан келиб чиқиб, мусиқа ва санъат мактаблари зарурат юқори бўлган 1 минг 500 та миллий мусиқа анжомлари билан таъминланди. Энди эса ҳудудлар эҳтиёжидан келиб чиқиб, 2030 йилгача асосан Европа чолғуларини етказиш кўзда тутилган.
Шунингдек, маданият ва санъат тизимидаги олий таълим муассасаларида илмий даражали ва унвонли кадрлар сонини 100 нафардан ошириш, 13 та болалар мусиқа ва санъат мактабларини мусиқа анжомлари билан таъминлаш даражасини 100 фоизга етказиш, болалар мусиқа ва санъат мактабларини 70 фоиз олий маълумотли кадрлар билан таъминлаш, давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган маданият ва санъат муассасалари улушини 5,8 фоизгача етказиш каби вазифалар белгиланган. Бундан ташқари, соҳага рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни кенг жорий қилиш бўйича мақсадлар режалаштирилган, — дейди вазирлик вакили.
Анжуманда Маданий мерос агентлиги, Республика маънавият-маърифат маркази, Ёшлар ишлари агентлиги, “Эл-юрт умиди” жамғармаси вакиллари ҳам лойиҳада уларга юклатилган вазифалар бўйича батафсил маълумотлар берди.