Таълим ислоҳоти режалари
Таълим ислоҳоти режалари

Президент таълим тизимидаги янги ислоҳотларга оид тақдимот билан танишди. Таълимнинг барча бўғинларини қамраб олувчи ягона миллий ғоя концепциясини яратиш, «Янги авлод» боғчалар тармоғи, муҳандислик мактаблари ва Абдулла Авлоний номидаги стипендия таъсис этиш каби ташаббуслар кўзда тутилган.
Шу мақсадда болалар боғчасидан олий таълимгача қамраб олган ягона миллий ғоя концепцияси ишлаб чиқилди. У маънавий-маърифий тадбирларнинг намунавий режаси бўлиши кўзда тутилган. Натижада бундай ишлар тартибли ва савияли ташкил этилиб, ўқувчилар ортиқча тадбирларга жалб этилмайди.
Ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уларнинг иқтидори ва интилишини юзага чиқариш бўйича ҳам ягона вертикал тизим жорий этилади. Шу мақсадда «Баркамол авлод» болалар мактаби, Республика ўқувчи-ёшлар маркази ҳамда «Ёшлик» жисмоний тарбия ва спорт жамияти негизида «Келажак» марказлари ташкил этилади. Ўқувчиларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича мактаб маслаҳатчиси лавозими жорий қилинади.
Сўнгги саккиз йилда боғчаларда ўринлар сони 2,5 миллионтага кўпайтирилиб, мактабгача таълим қамрови 78 фоизга етди. Бу қамровни ошириш мақсадида ҳар йили 20 минг ўрин очиш режалаштирилган.
Иқтисодиёт тармоқларининг ҳозирги ва келгуси талабидан келиб чиқиб, техника ва муҳандислик йўналишларини ривожлантириш вазифасини қўйганди. Шунга мувофиқ, Ихтисослаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимида 14 та ҳудудда муҳандислик мактаблари ташкил этилмоқда.
Ушбу мактабларга болалар имтиҳон асосида саралаб олинади ва Давлат бюджети ҳисобидан ўқитилади. Уларда «Янги Ўзбекистон» университети ва Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактаб тажрибаси асосида муҳандислик таълим дастури жорий қилинади. Ўқув жараёни 5 йиллик дастур асосида STEM модели бўйича ташкил этилади.
2026 йилдан бошлаб, ҳар йили умумтаълим мактаблари ўртасида Ўзбекистон Республикаси президенти соврини учун «Илғор муҳандислик мактаби» миллий танлови ўтказилади.
Шунингдек, табиий фанларни ўқитишни яхшилаш мақсадида барча ҳудудларда ихтисослаштирилган мактаблар ташкил қилинади. Тошкент шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги мактаб бу йўналишда таянч мактаб сифатида хизмат қилади.
Тошкент шаҳрида Н.Э.Бауман номидаги Москва давлат техника университети филиали, «ToshTech» техника университети ҳамда Олмалиқ давлат техника институти очилади.
Бундан ташқари, ўқитувчиликка меҳр қўйган ёшлар учун алоҳида давлат стипендияси йўқ эди. Шу боис жорий ўқув йилидан бошлаб, педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларининг талабалари учун Абдулла Авлоний номидаги давлат стипендияси таъсис этилмоқда. Стипендия бакалавриатнинг 3−4-курслари учун бўлиши ва ёшларни ўқиш ва илмий изланишларга ундаши кутилмоқда.
Президент билдирилган таклифларни маъқуллаб, тегишли ҳужжатларни имзолади. Улардаги вазифалар ижросини тизимли ва сифатли таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.