Сувсиз шаҳарларни обиҳаёт билан таъминлаш йўли
Сувсиз шаҳарларни обиҳаёт билан таъминлаш йўли
Чилидаги тадқиқотчилар дунёдаги энг қуруқ шаҳарларнинг баъзиларини ичимлик суви билан таъминлаш учун тумандан катта миқдорда сув олиш мумкинлигини аниқлашди. Улар мамлакат шимолидаги чўлли Альто-Хосписио шаҳрида туман тўплаш имкониятларини ўрганиб, шундай хулосага келишди.
Минтақада ўртача ёғингарчилик йилига 5 миллиметрдан кам. Кўплаб шаҳарлар сингари, Альто-Хосписиода ҳам ўзига хос ижтимоий муаммолар мавжуд. Камбағаллик жуда кенг тарқалган у ердаги кўплаб одамлар тоза сув етказиб берувчи тармоқларга тўғридан-тўғри уланиш имкониятига эга эмас.
Шаҳарнинг энг қашшоқ маҳаллаларида яшовчиларнинг кўпчилиги юк машиналарида келтириладиган ичимлик сувига қараб қолган. Бироқ, тадқиқотчилар таъкидлашича, тоғли шаҳар устида мунтазам тўпланадиган туман булутлари ҳали фойдаланилмаган манба ҳисобланади.
Туман сувини тутиб олиш жуда оддий – устунлар орасига тўр тортилади ва намликка тўла булутлар ўша майда тўрдан ўтганда томчилар ҳосил бўлади. Сўнг сув қувур ва бакларга йўналтирилади.
Бу усул бир неча ўн йиллар давомида кичик миқёсда қўлланган, асосан Жанубий ва Марказий Американинг қишлоқ жойларида – туманли шароитларда. Туман сувини йиғишнинг энг катта тизимларидан бири Марокашда, Саҳройи Кабир чеккасида жойлашган.