Сўғд маданиятига оид ибодатхона
Сўғд маданиятига оид ибодатхона

Самарқанд археология институти мутахассислари Ургут туманида Сўғд маданиятига оид ибодатхонани топишди. Ибодатхона илк ўрта асрларга тегишли бўлиб, унинг тарҳи тўғри тўртбурчак шаклда ва деворлари диний мавзудаги суратлар билан безатилган.
Ибодатхона деворларининг сақланиб қолган баландлиги 3 метрни ташкил этади ва унда 5 та эшик мавжуд. Деворларда юзи овалсимон ва қулоқлари зебу-зийнатларга бой маъбуданинг тасвирлари сақланиб қолган. Бу тасвирларда қанотли, устки қуббаси ярим ой шаклида бўлган тож ҳам кўзга ташланади. Шунингдек, ибодатхона деворларидаги сурат парчаларида турли персонаж тасвирлари ҳам учрайди, бу эса ибодатхонада бир нечта илоҳ тасвирланганини кўрсатади.
Археологлар бу ибодатхона VII-VIII асрларда фаолият кўрсатган, лекин 712 йилда араблар Самарқандга юриш қилганида ёқиб юборилганини тахмин қилишмоқда.
Исломгача бўлган даврга тегишли деворий сурат ва ҳайкалтарошлик намуналари Ўзбекистонда бир неча ўн йилликда аниқланмаган эди, шу сабабли Қўрғонтепада топилган бу санъат асарлари катта аҳамиятга эга. Ҳозирда қазув ишлари давом этмоқда, деворий суратларни сақлаш ва нусха кўчириш ишлари олиб борилмоқда