Сўфи Оллоёр зиёратгоҳи сўлим ва гўзал гўша бўлади

 

Сўфи Оллоёр зиёратгоҳи сўлим ва гўзал гўша бўлади

 

 fukfukefukapfckpafukpfu.jpg

 

       Сурхондарё вилоятида буюк аждодларимиз мангу қўним топган муқааддас қадамжолар таъмирланиб, маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар учун қулай шароит яратилмоқда.

       Нақшбандийлик тариқати давомчиси, ўзбек мумтоз адабиёти намояндаси, илоҳиёт олими ва буюк фақиҳи Сўфи Оллоёрнинг Олтинсой тумани Катта Вахшивор қишлоғидаги муқаддас зиёратгоҳи ҳам тубдан таъмирланиб, янги қиёфада бўй кўрсатмоқда.

       Асли Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон беклигида камолга етган Сўфи Оллоёр умрининг олим бўлган йилларини Катта Вахшиворда ўтказади. Тоғлар қўйнидаги сўлим гўшада масжид ва кўркам боғ барпо эттиради.

       У Имом Аъзам анъаналарини ривожлантириб, исломий аҳком ва тасаввуфий ғояларни халқ онгига сингдирган, ҳидоят ва нажот йўлини кўрсатган машҳур тариқат арбоби, буюк каромат соҳиби мутасаввуф ижодкор сифатида “Тақводорлар маслаги”, “Орифлар муроди”, “Итоаткорлар хазинаси”, “Ожизлар саботи”, “Нажот тантанаси” каби асарлари билан ҳам дунёга танилган.

       Кейинги йилларда ул зот қўним топган муқаддас манзилни зиёрат қилиш учун маҳаллий ва дунёнинг турли давлатларидан келаётган сайёҳлар сафи ўсиб бормоқда. Улар учун зиёратгоҳда замонавий қулайликлар яратилиб, кириш жойи янгиланди. Кенг йўлакчалар барпо этилаётир.

       Ўтмишдан сақланиб қолган ҳовуз атрофи ободонлаштирилди. Ошхона, қушхона, таҳоратхона ва бошқа ёрдамчи бинолар бунёд этилди. Манзарали фаввора қурилмоқда. Тоғ этакларида қад ростлаб турган мақбара тубдан реконструкция қилинди. 

       Янгидан барпо этилаётган бундай шароитлар нафақат туристларнинг муқаддас қадамжода буюк аждодимизни ёд этиб, эҳтиром кўрсатиши, балки ҳудуд билан яқиндан танишиб, тоғ қўйнидаги мафтункор гўшани сайр қилишига ҳам қулай муҳит яратмоқда.