«Саҳиҳул Бухорий» - машҳур асар

«Саҳиҳул Бухорий» - машҳур асар

20240912125550.jpeg

Ўзбекистон мустақилликка эришгач, алломалар илмий меросини ўрганиш, уларни ўзбек тилига таржима қилиш ва кенг жамоатчиликка етказиш юзасидан кўплаб ишлар амалга оширилди. Буюк муҳаддис Имом Бухорийнинг «Саҳиҳул Бухорий» номи билан машҳур асари Қуръони каримдан кейинги муҳим манбадир. Асарда келтирилган ҳадислар инсонларнинг маънавий онги, одоб-ахлоқи, маданияти ва комил инсон тарбияси учун хизмат қилгани боис, уни ҳар жиҳатдан пухта ўрганиш зарур.

Имом Бухорийнинг ушбу асари борасида олиб борилган тадқиқотлар, аввало, унинг қўлёзма нусхаларига бевосита боғлиқ. Зеро, асарга боғлиқ барча илмий ва фаразий тахминларда унинг илк аср ва кейинги даврларда кўчирилган нусхалари муҳим аҳамият касб этади. Бу борада турк тадқиқотчиси Д.Фуад Сезгин ўзининг «Тарих ат-турос ал-арабий» («Ислом илмлари тарихи») номли асарида «Саҳиҳул Бухорий» асари қўлёзма нусхалари бўлимида қуйидагиларни келтиради: «Саҳиҳул Бухорий» асари қўлёзма нусхалари араб оламидаги деярли барча кутубхоналарда учрайди. Нусхалар орасида биз билган энг қадимий қўлёзма – 370-390/980-999 йилларда Марвазий ривоятига кўра кўчирилган «Минжана» нусхаси ҳам бор.