Равоқларда гавдалантириладиган сиймолар

Равоқларда гавдалантириладиган сиймолар

 

fbimg1740034798565.jpg

 

     Ислом цивилизацияси маркази биносининг кириш қисми учун яратилаётган ранг-тасвир асарлари бўйича йиғилиш бўлиб ўтди. Унда масъул ташкилотлар раҳбар ва ходимлари, олимлар, рассомлар, санъатшунослар ва дин арбоблари иштирок этди. Йиғилишда марказ биносидаги 14 та равоқ учун мўлжалланган асарларнинг тайёрланиш жараёни муҳокама қилинди.

     Йиғилишда Бадиий академия, Темурийлар тарихи давлат музейи, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Мотуридий, Имом Термизий ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказлари вакиллари ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди. 

     Ўзбекистон Республикаси Президентининг январь ойидаги Марказга ташрифи давомида билдирилган фикрлар ва тавсиялар асосида равоқлар учун мавзулар қайта кўриб чиқилди. Ҳозиргача 11 та равоқ учун асарлар тайёр бўлиб, уларнинг 9 таси ўз жойига ўрнатилган.

     Янги тасдиқланган ранг-тасвир асарларидан бири Абу Мансур Мотуридий ва унинг издоши Насафийга бағишланади. Иккинчисида Абул Ҳафс Кабир ҳаёти акс эттирилади. Учинчи асар эса араб тили ва грамматикаси асосларини ишлаб чиққан Маҳмуд Замахшарий шахсиятига бағишланади.

     Мазкур асарларни яратиш учун махсус рассомлар гуруҳи ташкил этилган бўлиб, унга Ўзбекистон халқ рассоми, академик Алишер Алиқулов раҳбарлик қилади. Улар тарихий шахсларнинг қиёфаси ва давр руҳини илмий ҳамда ижодий ёндашув асосида акс эттириш устида иш олиб бормоқда.

     Шунингдек Ислом цивилизацияси марказида жойлашган Қуръон зали деворларини безаш учун 8 та ипак гилам тайёрланмоқда. Уларда Усмон Мусҳафидан олинган оятлар акс эттирилади. Ушбу гиламлардан бири айни пайтда марказ экспозициясига жойлаштирилган.

 fbimg1740034808372.jpg

 fbimg1740034805526.jpg

 fbimg1740034810762.jpgfbimg1740034818416.jpgfbimg1740034801586.jpgfbimg1740034812998.jpg

Ислом цивилизацияси маркази биносида хаттотлар учун махсус устахоналар ва қўлёзмаларни тиклашга ихтисослашган лабораториялар ташкил этилиши режалаштирилган.

Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати