Озарбайжонда “Шавкат Мирзиёев феномени” китоби тақдимоти
Озарбайжонда “Шавкат Мирзиёев феномени” китоби тақдимоти

Боку шаҳридаги Озарбайжон Миллий кутубхонасида озарбайжонлик ижодкорлар – ёзувчи ва шоир, “Ўзбек келаётир тарих қаъридан” шеъри билан танилган Акиф Бағиров ҳамда адабиётшунос олим Яшар Қосим томонидан тайёрланган “Шавкат Мирзиёев феномени” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур асар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси, таниқли сиёсатшунос, сенатор Қудратилла Рафиқовнинг “Менинг Президентим” ва “Миллатпарвар” асарлари асосида тайёрланган.
Озарбайжон парламенти вакиллари, таниқли ижодкорлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ҳамда юртимиз делегацияси аъзолари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган тадбирда халқларимизнинг бир-бирига яқинлиги, ўзаро дўстлик ришталари тобора мустаҳкамланаётгани таъкидланди.
Қ.Рафиқовнинг “Менинг Президентим” ва “Миллатпарвар” асарларидан сараланиб, маҳорат билан озарбайжон тилига ўгирилган ушбу китоб миллат Сардори, ватанпарвар инсон – Шавкат Мирзиёевнинг шахси, сиёсий фаолиятига бағишланган. Публицистик эсселардан иборат нашрда давлатимиз раҳбари бошчилигида юз бераётган ижобий ўзгаришлар, янгиланишлар, жумладан ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, инфратузилмани модернизация қилиш, давлатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар ёритилган. Янги Ўзбекистон бунёдкори ислоҳотларига эътиборсиз бўлмаган ҳар қандай инсон учун зарур маълумот ва таҳлиллар жамланган.