Озарбайжон маданияти кунлари
Озарбайжон маданияти кунлари
“Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикасида Озарбайжон маданияти кунларининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда Озарбайжон маданияти кунлари иштирокчиларига табрик йўллади.
Табрикда Озарбайжон Республикаси Президенти, азиз қардошим Илҳом Гейдарович Алиев билан келишувларимиз асосида ўтган йили Озарбайжонда Ўзбекистон маданияти кунлари, шу йил январь ойида эса Ўзбекистон фани ва маданияти кунлари юксак савияда ўтказилганлиги таъкидланади.
Қадимий Озарбайжон заминида ўзбекистонлик илм-фан ва маданият намояндалари катта ҳурмат-эътибор билан кутиб олингани, бу диёрда бўлиб ўтган қизғин ва самимий учрашув ҳамда мулоқотлар, ҳеч шубҳасиз халқларимиз ўртасидаги азалий қардошлик муносабатларини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.
Ўзбекистонда ўтказилаётган Халқаро мақом санъати анжумани, Бахшичилик ва “Лазги” фестиваллари ҳамда бошқа йирик маданий тадбирларда Озарбайжон ижодкорлари мунтазам иштирок этиб келаётганини юксак қадрлаймиз.
Озарбайжонда миллий муғом санъати бўйича бўлиб ўтадиган анъанавий фестивалга ўзбек санъаткорлари доимий таклиф этиб борилаётгани алоҳида диққатга сазовордир.
Мамлакатимизда катта шоду хуррамлик билан бошланаётган Озарбайжон маданияти кунлари қардош озар заминида бўлиб ўтган Ўзбекистон маданияти кунларининг узвий давомидир.
Уч кун давомида пойтахтимизда адабий учрашувлар, китоб тақдимотлари, спектакль намойишлари, маданий-маърифий дастурлар, кўргазмалар, тақдимотлар ўтказилиши кўзда тутилган.