Номоддий маданий мерос муҳофазаси

Номоддий маданий мерос муҳофазаси

proovovov.jpg 

Янги Ўзбекистонда маданият ва санъат соҳасида давлат бошқарувини амалга ошириш жараёнида сўнгги йилларда кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Номоддий маданий мерос намуналари, жумладан, мақом ва бахшичилик санъатини муҳофаза қилиш, миллий қадриятларимизни кенг намоён этиш билан боғлиқ фаолиятни янада такомиллаштириш, номоддий маданий меросни асраб-авайлаш, илмий ўрганиш ва тарғиб қилишни янада ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 27 июлдаги тегишли Фармони билан Маданият вазирлиги ҳузурида Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти ташкил этилди.

Ўзбекистон номоддий маданий меросини асраш, кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда унинг намуналарини аниқлаш, рўйхатларга киритиш, рақамлаштириш, тарғиб қилиш, сақлаш, номоддий маданий меросни доимий равишда ўрганишни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 25 декабрда “Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш ва тарғиб қилишни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, номоддий маданий мерос намуналарини тадқиқ этиш, хусусан, илмий-назарий негизлари, миллий ва умумбашарий қадриятлар билан боғлиқ жиҳатларини юртимиз олимлари ва хорижий мутахассислар иштирокида чуқур ўрганиб, янги илмий тадқиқотлар яратиш вазифалари белгиланган.

Ўзбекистон Республикасида номоддий маданий мерос муҳофазасини ташкил этишнинг назарий ва илмий методологик асосларини яратиш, мамлакатимиз ҳудудларидаги номоддий маданий мерос элементларининг миллий рўйхатини юритиш, ҳужжатлаштириш, муҳофаза ва назорат қилиш, таълимнинг барча турлари учун номоддий маданий мерос соҳаси бўйича таълим стандартлари ва фан дастурлари, дарсликлар, ўқув қўлланмалар, илмий-услубий тавсияномалар, шу жумладан, аудио, видео ва электрон дарсликлар, онлайн дарслар ҳамда бошқа турдаги илмий-методик материалларни тайёрлаш каби вазифаларни инобатга олган ҳолда тегишли резолюция ишлаб чиқилган.