Номоддий маданий мерос давлат муҳофазасида
Номоддий маданий мерос давлат муҳофазасида
Президентимизнинг 2023 йил 25 декабрдаги “Номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш ва тарғиб қилишни ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ҳам номоддий маданий меросни доимий равишда ўрганишни йўлга қўйиш мақсадида республика ва халқаро миқёсда этнофольклор экспедициялари ташкил қилиш, илмий-тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлаш, фундаментал ва мақсадли грантлар ажратилишини таъминлаш белгиланган.
Мамлакатимизда номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш, илмий ўрганиш ва тарғиб қилиш ҳамда миллий қадриятларимизни кенг намоён этишга алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида ҳам қайд этилди.
Тошкент вилоятида ҳам бу борада кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, туман-шаҳарларда ўрганишлар натижасида 85 нафар номоддий маданий мерос сақловчи ва ҳунармандлар аниқланди. Жорий йилнинг июнь ойида Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти мутахассислари томонидан жойларда номоддий маданий меросни илмий ўрганиш бўйича маҳаллий экспедиция ташкил этилди.
Вилоятда номоддий маданий меросга оид манзиллар, халқ орасидаги удумлар билан боғлиқ анъаналар кўплаб топилиши мумкин. Уларни асраш, келажак авлодга сайқалланган тарзда етказиш ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиз бўлмоғи лозим.