Нодир асарларнинг қадимий нусхалари топилди

Нодир асарларнинг қадимий нусхалари топилди

 20240809232224.jpeg

     Саудия Миллий кутубхонаси адабиётларининг ноёб ва қадимий экани билан алоҳида ўринга эга. Унинг китоблар ва қадимий ҳужжатлар, артефактлар сақланадиган бўлимида 6 мингдан зиёд манба бор.

      Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегацияси мазкур кутубхонада юртимиз замини билан боғлиқ ноёб манбаларга дуч келди. Имом Бухорий ва Ибн Синога тегишли нодир асарларнинг қадимий нусхалари Ар-Риёдда жойлашган Подшоҳ Фатҳ номидаги миллий кутубхонада экани аниқланди.

     Биринчи тошбосма китоб – Ибн Синонинг 1592 йилда Италияда нашр этилган «Тиб қонунлари» асари ва Имом Бухорийнинг ҳижрий 540 йилда кўчирилган «Саҳиҳул Бухорий» асари делегация аъзоларига намойиш қилинди. Айтиш жоизки, икки асар илмий жамоатчилик учун ғоят муҳим манбалар ҳисобланади ва аждодларимизнинг дунё тамаддуни, илм-фан ривожига қўшган бемисл ҳиссасини кўрсатади. Миллий кутубхонага ташриф давомида келгусида икки китобдан факсимиле нусха олишга келишиб олинди.

20240809232230.jpeg

     Саудия Миллий кутубхонаси масъулларига сўнгги йилларда Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан диний-маърифий соҳага катта эътибор берилаётгани, ана шу ишларнинг амалий ифодаси сифатида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бунёд этилаётгани, унинг контентини янги мазмун билан бойитишда халқаро тажриба ўрганилиб, халқаро илмий ҳамжамият вакиллари билан мулоқот майдони ташкил этилаётгани ҳақида маълумот берилди.

     Шунингдек, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, асраш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти томонидан нашр этилган «Ўзбекистон обидаларидаги битиклар» китоб-альбомининг 20 жилди кутубхонага Ўзбекистон номидан туҳфа қилинди.