Наманган вилоятининг янги ривожланиш драйверлари

Наманган вилоятининг янги ривожланиш драйверлари

 

dnbnudssuzsdnuu.jpg

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 23 июнь куни жойларда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари ҳамда турли соҳаларда амалга оширилаётган лойиҳалар ва жорий қилинган илғор ечимлар билан танишиш мақсадида ташриф билан Наманган вилоятида бўлди.

Президентимизнинг ҳудудларга ташрифи, энг аввало, инсон қадри ва шаънини улуғлаш, элимиз фаровонлиги ва турмуш даражасини янада яхшилаш, шаҳар ва туманларнинг мавжуд ресурс ва имкониятларидан оқилона фойдаланиш орқали иқтисодиёт ҳамда инфратузилмани тубдан ривожлантиришда муҳим ўрин эгаллайди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг вилоятга бу сафарги ташрифи Наманган халқаро аэропортида барпо этилаётган янги йўловчи терминали қурилишини кўздан кечиришдан бошланди.

Мамлакатимизда транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Наманган халқаро аэропортини кенгайтириш лойиҳаси ҳам ана шу ислоҳотларнинг муҳим қисми ҳисобланади.

Мазкур қурилиш ишлари давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 29 мартдаги “Республика аэропортларини бошқариш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилмоқда.

Лойиҳага жами 175 миллион доллар инвестиция жалб қилинган. Режага кўра, 2026 йил якунига қадар замонавий талабларга жавоб берадиган янги йўловчи терминали ишга туширилади. Майдони 22,6 минг квадрат метр бўлган уч қаватли терминал соатига 1,2 минг нафар ва йилига 3 миллион нафардан зиёд йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Бу эса аэропортнинг ҳозирги қувватини бир неча баробар оширади.

Янги терминалда чегара ва божхона назорати пунктлари, виза хизматлари, бизнес-зал, савдо ва умумий овқатланиш шохобчалари, тиббиёт пункти ҳамда Duty Free ҳудуди ташкил этилади. Натижада 550 та янги иш ўрни яратилади.

Давлатимиз раҳбари қурилиш жараёнлари билан яқиндан танишиб, аэропорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш бўйича қатор кўрсатмалар берди.

Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Тўрақўрғон туманидаги “Наманган қўйчилик кластери” фаолияти билан танишди.

Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 январдаги “Чорвачилик тармоғини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган кенг имкониятлар туфайли амалга ошди.

Тўрақўрғон туманида фаолият юритаётган “Уйчи парранда” корхонасида наслли тухум етиштириш, инкубация қилиш ва гўшт ишлаб чиқаришни ўз ичига олган йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилоятига ташрифи чоғида ушбу корхона фаолияти билан ҳам танишди.

Тижорат банкининг 50 миллион долларлик маблағи ҳисобидан 121 гектар майдонда Венгриянинг “Авиаген” компаниясидан келтирилган 60 минг бош наслли товуқлар интенсив усулда парваришланмоқда. Корхонанинг оддий хўжаликлардан бош устуворлиги инкубация жараёнидан бошлаб тайёр гўшт маҳсулотлари етиштиришгача бўлган тўлиқ саноат циклини қамраб олганидадир.

Бу ерда жорий этилган замонавий генетик технологиялар наслчилик йўналишида кунига 60 минг дона юқори сифатли тухум олиш ва инкубаторлар орқали 50 минг бош жўжа очириш имконини бермоқда.

Лойиҳанинг гўшт етиштириш тармоғи ҳам юқори иқтисодий самарадорликка эга. Ҳар бири 100 минг бош паррандага мўлжалланган комплексларда бройлерлар 45-50 кун ичида парваришланиб, бир циклда 120 тонна парранда гўшти олинади.

Шунингдек, Президентимиз Наманган вилоятидаги бўш турган ерлардан унумли фойдаланиш ва Поп туманида ташкил этилган 100 гектарлик суперинтенсив боғ лойиҳасининг тақдимоти билан ҳам танишди.

Қиймати 20,7 миллиард сўм бўлган боғ туманнинг табиати ва тупроқ шароитига мос равишда барпо этилган. Энг муҳими, узоқ йиллар давомида фойдаланилмай ётган, сув билан таъминланишда мураккаб бўш ерлар мана шу лойиҳа сабабли чинакам даромад манбаига айланди.

Боғ ҳудудига жами 66,6 минг туп серҳосил мевали дарахт кўчатлари экилган. Бунда бозор талабидан келиб чиқиб, меваларнинг турига алоҳида эътибор қаратилди. Боғнинг 60 гектар майдонида 40 минг туп ўрик, 25 гектарида 16,6 минг туп шафтоли ва 15 гектарида 10 минг туп гилос дарахтлари парвариш қилинмоқда.