Нақшбандия тариқатининг раҳнамоси

Нақшбандия тариқатининг раҳнамоси

venovenovanogo.jpg 

     Мовароуннаҳрлик аллома, йирик диний ва сиёсий арбоб, Нақшбандия тариқатининг раҳнамоси ва назариётчиларидан бири Махдуми Аъзамнинг тўлиқ исми — Саййид Аҳмад Хожаги ибн Саййид Жалолиддин Косоний Даҳбедийдир. У Фарғона водийсининг Косон шаҳрида таваллуд топган.

    Махдуми Аъзам илк таълимни Косон мактабларидан бирида олган. Сўнг у ўз замонида Нақшбандия тариқатининг раҳбари машҳур Хожа Аҳрорга  шогирд бўлади ва тез орада ўзига халифа этиб тайинлайди. Махдуми Аъзам ўша чоғларда устози билан Ҳиротга сафар қилиб, у ерда таниқли аллома ва шоир Абдураҳмон Жомий билан бир неча бор учрашиб, суҳбатлашади.

    Махдуми Аъзам сўнг Мовароуннаҳрга қайтгач, устози билан Тошкентга келади. 1503 йилда Бухоро шаҳрининг ҳокими Муҳаммад Султон таклифи билан Бухорога кўчиб боради ва Нақшбандия тариқатини тарғиб этишга астойдил киришади.
Муҳаммад Қози вафотидан сўнг, Нақшбандия тариқатининг барча мовароуннаҳрлик шайхлари Махдуми Аъзамни «пешвойи тариқат» - тариқат пешвоси сифатида эътироф этишди. Тез орада унинг шуҳрати бутун Мовароуннаҳр ва  атрофдаги қўшни мамлакатларга ёйилди.

     Махдуми Аъзамнинг илмий мероси бой бўлиб, у тасаввуф назарияси ва амалиёти, хусусан, нақшбандия таълимотини янада ривожлантириш соҳасида баракали фаолият кўрсатди. Унинг қаламига мансуб 30 дан ортиқ рисоласи маълум.

    Махдуми Аъзам фикрича, тариқат аъзолари халққа яқин бўлиб, унинг дардлари ва эҳтиёжларига қайғудош бўлса ҳам тариқатга, ҳам ҳалққа фойдалидир.