“Мўъжиза инсон – Ҳазрат Имом Бухорий” янги романи
“Мўъжиза инсон – Ҳазрат Имом Бухорий” янги романи

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида “ Мўъжиза инсон – Ҳазрат Имом Бухорий” номли янги роман-эссе тақдимоти бўлиб ўтди.
Китобни ёзишда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан тақдим этилган манбалар, тарихий ҳужжатлар ва замонавий илмий қарашлар асос қилиб олинган.
Асарда алломанинг болалик ва ўсмирлик даври, илмга иштиёқи, узоқ ва машаққатли сафарлари, сабр ва матонат билан илм йўлидан чекинмаган ҳаёт пиллапояси ҳамда “Саҳиҳул Бухорий” асарининг яратилиши бадиий ва тарихий уйғунликда баён этилган. Шу билан бирга, инсон қалбидаги муҳаббат ва нафрат, фидокорлик ва ҳасад, руҳий изтироб ва маънавий юксалиш каби туйғулар ҳам таъсирчан тарзда ўз ифодасини топган.
Тақдимот иштирокчилари роман-эссени Имом Бухорий сийратини фақат тарихий маълумотлар орқали эмас, балки қалб, руҳ ва инсон фазилатлари орқали англатувчи бадиий ҳужжат сифатида баҳолади. Уламолар фикрича, китоб фақат тарихий маълумот берибгина қолмайди, балки ўқувчини руҳан баён қилинган воқеалар ичига олиб киради ва унда ибрат руҳиятини уйғотади, ҳар бир йигит-қиз қалбида Имом Бухорийнинг маънавий қиёфасини янгидан жонлантиради.
Имом Бухорий меросини улуғлаш, ёш авлодни илмга муҳаббат, тақво ва комиллик руҳида камол топтириш сари ташланган муҳим қадамлардан бири бўлди.