Мустақиллик йилларида тадбиркорликни ҳуқуқий ҳимоя қилиш механизми мустаҳкамланди
Мустақиллик йилларида тадбиркорликни ҳуқуқий ҳимоя қилиш механизми мустаҳкамланди

Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, тадбиркорликни ривожлантириш – биз учун стратегик вазифа. Бизнинг таянчимиз ҳам, суянчимиз ҳам, энг катта кучимиз ҳам ушбу соҳада мужассам. Шу боис, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш марказдан тортиб энг қуйи бўғингача барча раҳбарларнинг кундалик вазифаси бўлиши шарт.
Ўзбекистон мустақилликка эришгач, маъмурий-буйруқбозлик иқтисодиётидан бозор муносабатларига ўтишни стратегик мақсад сифатида белгилади. Бу жараённинг асосий йўналишларидан бири –хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорлик эркинлигини кафолатлаш ҳамда хусусий секторни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўлди.
1992 йилги Конституцияда турли мулк шакллари тенглиги ва хусусий мулкнинг дахлсизлиги мустаҳкамланди. Фуқаролик кодекси ҳамда мулкчилик, хусусийлаштириш ва тадбиркорлик эркинлигига оид асосий қонунлар қабул қилиниб, давлат мулкини хусусийлаштириш орқали мулкдорлар қатлами шакллантирилди.
Бизнес учун маъмурий тўсиқлар камайтирилди. Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби соддалаштирилиб, «ягона дарча» тамойили жорий этилди. Давлат органларининг молиявий санкция қўллаш ваколатлари чекланиб, айрим таъсир чоралари фақат суд қарори асосида амалга оширилиши белгиланди.
2017 йилдан тадбиркорликни ривожлантириш сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Ҳаракатлар стратегияси, Тараққиёт стратегияси ва «Ўзбекистон - 2030» стратегияси доирасида давлат назорати тизими қайта кўриб чиқилиб, тадбиркорликка ортиқча аралашув қисқартирилди. Валюта бозори либераллаштирилиб, эркин конвертация жорий этилди. Бу ислоҳотлар хусусий секторнинг иқтисодиётдаги ўрнини мустаҳкамлаш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва тадбиркорлик фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда.