Муҳим ҳамкорлик ташаббуслари
Муҳим ҳамкорлик ташаббуслари
Ислом цивилизацияси маркази биносида қурилиш ва ички безак ишлари деярли тугалланган, экспозиция ва контент билан бойитиш ишлари фаол равишда олиб борилмоқда. Мамлакатимиз ва хориждан жалб қилинган 2000 га яқин олим, мутахассис, дизайнер, уста ва меъморлар 800 дан ортиқ лойиҳа устида иш олиб бормоқда.
Биринчи босқичда намойиш этилиши режалаштирилган тахминан 400 та лойиҳа Президентимиз томонидан илгари сурилган “Цивилизация, шахс, кашфиёт” концепцияси асосида шакллантирилмоқда.
Марказ контентини бойитиш мақсадида 59 та макет яратиш режалаштирилган бўлиб, улардан 24 таси замонавий 3D форматида бўлади. Барча макетлар юқори сифатли, аниқ ва илмий асосланган бўлиши талаб этилади. Макетлар музей даражасига мос бўлиши ва вақт омили сифатга таъсир қилмаслигига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистондаги энг оммабоп телеплатформалардан бири — “Sevimli” телеканали тарихий ёдгорликларнинг макетларини тайёрлаш ишларини амалга оширмоқда. “Sevimli” телеканали томонидан Ислом цивилизацияси маркази музейига 25 та тарихий меъморий ёдгорлик макетини бепул тақдим этиш режалаштирилган. Ушбу макетлар “Artefact” компанияси томонидан телеканал буюртмасига биноан тайёрланмоқда. Ушбу жараёнда 15 нафар мутахассис – техник ходим ва моделлаштириш дизайнерлари фаол иштирок этмоқда.