Муфтий Бобохоновлар сулоласи мероси Ислом цивилизацияси марказида намойиш этилади
Муфтий Бобохоновлар сулоласи мероси Ислом цивилизацияси марказида намойиш этилади

Мамлакат раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициясида ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган инсонларга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Шундай сулолалардан бири Бобохоновлар оиласи бўлиб, етук дин арбоблари сифатида нафақат юртимиз, балки хорижда ҳам эътироф этилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов “Муфтий Бобохоновлар” фонди директори, сулола вакили Жамолиддин Бобохонов билан учрашди. Учрашувда Ислом цивилизацияси маркази экспозициядан ўрин олиши режалаштирилган Муфтий Бобохоновлар сулоласи мероси ҳақида сўз борди.
ХХ аср – 1917-1991 йилларда Бобохоновлар сулоласи учун оғир йиллар бўлган. Бироқ сулола вакиллари қаршилик ва зиддиятларга қарамасдан маърифат ва зиё улашишда давом этди. Ўзбекистонда ислом маърифатчиларининг зурриёди Шайх Эшон Бобохон, Шайх Зиёуддинхон ибн Эшон Бобохон, Шайх Шамсиддинхон Бобохоновлар қолдирган илмий мерос аҳамиятли ва қадрлидир.
Бобохоновлар сулоласининг дин қайғусида жон куйдириш, халқни маърифатли қилиш, ислом дини софлиги, мусулмонлар бирдамлиги, мамлакатда ислом динини турли бидъат ва хурофотлардан тозалаш, диндорлар ўртасидаги ихтилофли ҳолатларга барҳам бериш борасидаги шарафли хизматлари доим эътибор марказида.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази муқаддас ислом дини тарғиботи йўлида катта ҳисса қўшган Бобохоновлар сулоласи вакиллари билан ҳамкорликда сулола ҳақида маълумотлар тўплаб, экспозицияга жойлаштиришни режалаштирган.
Ислом цивилизацияси маркази Ахборот хизмати