Муддатидан олдин овоз бериш бошланди

Муддатидан олдин овоз бериш бошланди

yvfapfyapfapf.jpg

     Мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари сайловига 16 октябрдан бошлаб сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш бошланди.

     Маълумки, қонунчилигимизга кўра, сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчилар муддатидан олдин овоз бериши мумкин. Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида бошланиб, уч кун қолганида тугалланади.

     Муддатидан олдин овоз беришни амалга ошириш учун сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабабларини кўрсатган ҳолда ариза билан тегишли участка сайлов комиссиясига мурожаат қилади.

     Муддатидан олдин овоз бериш кунлари сайлов участкаларида овоз бериш вақти иш кунлари соат 9:00 дан 18:00 га қадар, дам олиш кунлари эса соат 11:00 дан 17:00 га қадар давом этади.

     Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш ушбу сайлов участкалари жойлашган давлатдаги маҳаллий вақт билан соат 9:00 дан 18:00 га қадар амалга оширилади.

     Муддатидан олдин овоз бериш 2024 йил 23 октябрь куни якунланади.