Мовароуннаҳр фиқҳ мактаби

Мовароуннаҳр фиқҳ мактаби

 sfhsdghdasfhs.jpg

     Ислом дини тарқалиши жараёнида турли дин ва маҳаллий урф-одатларга дуч келиши натижасида VIII – IX асрларда ислом ҳуқуқшунослиги – фиқҳ мактаблари юзага келган. Фиқҳ илми мусулмон ҳуқуқшунослиги ва шариат қонун-қоидаларини ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи соҳа бўлгани учун диний илмлар қаторига киритилган.

     Фиқҳ атамаси араб тилида “билмоқ”, “тушунмоқ” ёки “топмоқ” деган маънони англатади. Фиқҳ – исломий илмларнинг бир қисми бўлиб, шариат қонун – қоидаларини ишлаб чиқувчи мусулмон ҳуқуқшунослиги ҳисобланади. Шаръий қонун – қоида ва ҳуқуқларни билувчи олим “фақиҳ” деб аталади.

     Фиқҳ диний ҳуқуқшунослик сифатида икки соҳа – шариат манбаларини ишлаб чиқиш ва шариатни маълум бир соҳаларга татбиқ қилишдан иборат. VIII аср ўрталаридан фиқҳ мустақил илм сифатида ривожлана бошлади. Бу давр ислом ҳуқуқшунослиги шаклланишида “олтин аср” деб номланади.

     Х асрга келиб, мусулмон олимлари томонидан суннийликдаги энг йирик фиқҳий мазҳаблар сифатида шофеъий, моликий, ҳанафий ва довудийлик қайд этилган. Ҳанбалий мазҳабига мансуб фақиҳлар фақат XII аср бошларига келиб, эътироф этила бошланган.

      Ўрта асрларда Насаф воҳаси алломалари фиқҳий йўналишда самарали фаолият олиб бориб, ўз асарлари орқали муҳим масалаларга ечим топишга ҳисса қўшган. Бу алломалар қаторида Баздавийлар сулоласига мансуб фиқҳ олимларининг ҳам ўрни катта бўлган.