Миллийлик кенг тарғиб қилинади

Миллийлик кенг тарғиб қилинади

lggklgkghjk.jpg 

 

      Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов “Тошкент шаҳрида миллийликни кенг тарғиб қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади. Қарорга кўра, Тошкент шаҳрида миллийликни кенг тарғиб қилиш бўйича ишчи гуруҳ тузилди. Шаҳарда миллийликни кенг тарғиб қилишга қаратилган «Миллий Тошкент» лойиҳаси асосида амалга ошириладиган ишлар юзасидан чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

      Ишчи гуруҳ миллий либослар ва миллийликни оммалаштиришга оид тарғибот материалларини ишлаб чиқади. Корхона, муассаса ва ташкилотлар ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликни йўлга қўяди. Оммавий тадбирлар даврида миллий либослар ва миллийликнинг мавқеи мустаҳкамланиши таъминлайди. Миллий либослар ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлайди.

      Қарор билан шунингдек, Тошкент шаҳридаги давлат ташкилотлари, бошқарма ва муассасаларда ҳафтанинг ҳар жума куни “Миллий либослар куни” деб белгиланди. Тошкент шаҳар ва туман ҳокимликлари, ҳокимликлар қошидаги бошқарма, ташкилот ва бўлимлар, бошқа давлат органлари ва муассасалари ходимлари иш кунларида миллий либосларда юриши тавсия этилади (тасдиқланган хизмат кийимлари бундан мустасно).

      Қарор билан Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасига миллий либослар дўконлари, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари савдо ярмаркалари, миллий ресторанлар ва бошқа миллий услубдаги хизмат кўрсатиш объектларининг фаолиятини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратилишини, миллий либослар тикиш ва дизайн бўйича ўқув марказлари ташкил этилишини, ҳунармандларнинг маҳоратини ошириш бўйича семинар-тренинглар ўтказилишини таъминлаш буюрилди.

      “Миллий Тошкент” лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳар йўловчи ташиш транспортлари ҳамда транспорт карталари миллийлик орнаментлари билан безатилади. Тошкент шаҳрида мавжуд умумтаълим мактабларининг ҳар бирида намуна сифатида биттадан «Миллий ўзбек синфи» ташкил этилади.

      Савдо марказлари, бозорлар, истироҳат боғлари, музейлар, кино ва театр биноларининг фасад ҳамда ички қисми миллийлик руҳида безатилади. “Тошкентда миллийлик трендда” шиори остида қисқа метражли ижтимоий роликлар, блог ҳамда флешмоблар танлови эълон қилинади.