Мерос ва билим тарғиб этувчи маскан
Мерос ва билим тарғиб этувчи маскан
Ўмоннинг “Ар-Рўъя” нашри “Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази: мерос ва билимларни тарғиб қилувчи маданий ёдгорлик” сарлавҳали мақоласини чоп этди.
Мақолада Тошкентдаги Ислом Цивилизацияси маркази Ўзбекистоннинг маданий мулоқотни ривожлантиришга содиқлигини тасдиқлаган ҳолда, ислом меросини асраб-авайлаб, бу борадаги мавжуд анъаналарни тарғиб этадиган глобал марказга айланишни мақсад қилган деб эътироф этилади.
Таъкидланишича марказнинг мақсади мусулмон олимлари меҳнатини ҳужжатлаштириш, UNESCO ва ISESCO каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда бағрикенгликка асосланган қадриятларни тарғиб қилишдир.
Марказ асрлар давомида ислом цивилизацияси ривожини ўрганувчи бир неча асосий бўлимни ўз ичига олган. Иккинчи қаватда ноёб экспонатларга бой кенг музей, каттагина мажлислар зали, учинчи қаватда минглаб қўлёзмалар, улкан кутубхона бор.
Илмий муассасалар билан ҳамкорликда, бутун дунё тадқиқотчилари иштирокида кўплаб лойиҳалар амалга ошириладиган ушбу марказ илмий ва маданий алмашинув майдонига айланиши кутилмоқда.