Марказий Осиё Ренессанси
Марказий Осиё Ренессанси

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан 7-9 август кунлари давлат ташрифи билан ушбу мамлакатда бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев 9 август куни Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг олтинчи Маслаҳат учрашувида иштирок этди.
Марказий Осиё асрлар давомида ягона геосиёсий ва маънавий макон сифатида шаклланган ҳудуд бўлиб, Буюк Ипак йўли ва бутун Евросиё тарихида муҳим аҳамият касб этиб келган. Минтақамиз табиий ресурслари, инсон капитали, бой маданий ва тарихий мероси билан бошқа минтақалардан ажралиб туради.
Тинчлик, барқарорлик, Шарқ ижтимоий-маданий олами, халқлар дунёқарашида алоҳида нуфуз касб этиши билан ажралиб турадиган феномен ҳисобланади. Минтақа давлатлари раҳбарларининг Қозоғистондаги навбатдаги учрашуви ҳам фикримизни яққол ифодалайди.
Марказий Осиё етакчиларидан ташқари фахрий меҳмон сифатида Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев ва БМТ Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каха Имнадзе ҳам қатнашган бу галги Маслаҳат учрашувида Марказий Осиё мамлакатлари тараққиётнинг янги тарихий даврини бошлаб берадиган ғоя, ташаббуслар илгари сурилди.
Кун тартибига мувофиқ, минтақада кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, жумладан, сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо, инвестиция, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва экология соҳаларида қўшма дастур ва лойиҳаларни илгари суриш, маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш, шунингдек замонавий таҳдид ва хатарларга қарши чора кўриш масалалари муҳокама қилинди.
“Марказий Осиё ёшлари кун тартиби-2030” илгари сурилиши минтақада инновацион ғоя ва лойиҳаларни амалга оширишига хизмат қилиши таъкидланди. Мавжуд масалаларни атрофлича муҳокама қилиш мақсадида жорий йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида биринчи Марказий Осиё таълим форуми ўтказилиши таклиф этилди. Шунингдек, Президентимиз Марказий Осиё давлатлари раҳбарларини келгуси йил еттинчи саммитда иштирок этиш учун Ўзбекистонга таклиф қилди.
Умуман, учрашувда давлатимиз раҳбари муҳим ташаббус ва қарорлар тизимли равишда амалга оширилиши натижасида минтақа мамлакатлари яқинлашуви жараёни барқарор, изчил ва ортга қайтмас тус олганини қайд этди. Якунда Шавкат Мирзиёев етакчиларга юксак мукофот учун миннатдорлик билдириб, Марказий Осиёни тинч ва фаровон ҳудудга айлантириш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор мақсади бўлиб қолишини таъкидлади.
ЎзА