“Марказий Осиё – 2050” форсайт семинари

 

“Марказий Осиё – 2050” форсайт семинари

 yapraprvarpvapr.jpg 

 

     Пойтахтимизда “Марказий Осиё – 2050: умумий фаровонлик ва барқарорлик сари” мавзусида биринчи минтақавий форсайт-семинар бўлиб ўтмоқда. Семинар минтақанинг барча бешта мамлакати – давлат органлари, таҳлилий ва тадқиқот марказлари вакилларини ҳамда мустақил экспертларини бирлаштирди.

     Стратегик ислоҳотлар агентлиги ташаббуси билан илгари сурилган ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Марказий Осиё халқаро институти, Қозоғистон Республикаси Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлиги билан ҳамкорликда ҳамда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси кўмагида амалга оширилмоқда.

     Форсайт-семинарда 2050 йилгача бўлган демография, энергетика, иқлим, сув, транспорт интеграцияси ва инсон капитали соҳаларидаги прогнозлар муҳокама этилади. Минтақадаги мамлакатлар ўртасида саноат кооперацияси ва иқтисодий жиҳатдан бир-бирини тўлдириши масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

      Тадбирда энг долзарб мавзулардан бири иқлим ўзгариши ва сув ресурсларини бошқариш эканлиги таъкидланди. Минтақада ўртача йиллик ҳарорат 1,2°C га ошди, музликлар майдони 30 фоизга қисқарди, сув таъминоти йилига киши бошига 8,4 дан 2,5 минг куб метргача камайди ва 2030 йилга келиб 1,7 минг куб метрдан пасайиши прогноз қилинмоқда.

     Биринчи минтақавий форсайт-семинарнинг ўтказилиши қўшма стратегик йўналишларни ишлаб чиқиш ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги узоқ муддатли мулоқотни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлади.

     Муҳокамалар якунлари, ишлаб чиқилган ғоялар ва илгари сурилган ташаббуслар минтақа давлатлари раҳбарларининг бўлажак Маслаҳат учрашуви кун тартибини шакллантиришга ҳисса қўшади, шунингдек, тараққиёт, инновациялар ва минтақавий интеграция соҳасида барқарор ҳамкорлик учун асос яратади.