Маърифатга янги ёндашув қандай бўлиши керак?
Маърифатга янги ёндашув қандай бўлиши керак?
Маърифатга янги ёндашув қандай бўлиши мумкин? Бу саволга жавоб топиш учун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриш мақсадга мувофиқ. Марказга ташриф буюрганларнинг фикрича...
Нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари ҳамда диний-маърифий соҳада фаолият юритаётган мутахассислар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташрифнинг илк дақиқалариданоқ ноёб муҳитдан ҳайратланишди. Бунга сабаб эса Марказнинг муҳташам меъморий қиёфаси, 65 метрлик гумбази ва кенг ҳудудидир.
Ушбу йирик илмий-маърифий мажмуа нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун муҳим маданий ва маънавий марказ сифатида эътироф этилди. Қисқа вақт ичида халқаро миқёсда катта қизиқиш уйғотган Марказнинг Рамазон ҳайити арафасида очилгани ҳам алоҳида қайд этилди.
Делегация саёҳатни “Буюк сиймолар галереяси”дан бошлади. Микромозаика услубида яратилган буюк алломалар тасвирлари меҳмонларни гўё тарих билан юзма-юз келтиргандек бўлди.
Исломдан аввалги давр экспозициясида қадимий цивилизациялар, илк давлатчилик, савдо йўллари ва кундалик турмуш тарзи замонавий интерактив усулларда намоён этилгани, археологик топилмалар, ёзма манбалар ва Буюк Ипак йўлига оид маълумотлар юқори баҳоланди.
Биринчи Ренессанс бўлимида ислом илм-фани ривожи, алломалар мероси ва маданий юксалиш жараёнлари кенг ёритилгани таъкидланди. Айниқса, интерактив тақдимотлар орқали “тарихни ҳис қилиш” имконияти яратилгани меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Иккинчи Ренессанс даврига бағишланган экспозицияда тарихий муҳитни янада яқин ҳис қилиш мумкинлигини таъкидладилар.
“Янги Ўзбекистон – Янги Ренессанс пойдевори” бўлимида бугунги ислоҳотлар ва стратегик йўналишлар тақдим этилгани фуқаролик жамияти институтлари учун муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.
Шунингдек, диний-маърифий соҳада малака ошириш институти тингловчилари — Дин ишлари бўйича қўмита ходимлари ва бош отинойилар ҳам экспозицияларни ўрганиш орқали назарий билимларини мустаҳкамлаб, тарихий меросни замонавий усулларда тарғиб қилиш масалалари бўйича фикр алмашдилар.
Ташриф давомида Марказ кутубхонасида сақланаётган ноёб қўлёзмалар ва илмий манбалар мутахассислар учун муҳим илмий база сифатида баҳоланди.
Маржона Нурмуҳамедова, “Сен кучлисан” ННТ директори:
– Саёҳат давомида гувоҳ бўлдимки, Марказ нафақат музей, балки жамиятни бирлаштирадиган, маънавиятни юксалтирувчи муҳим платформа. Бу ердаги ҳар бир бўлим инсонни ўз илдизларини англашга ундайди.
Гулбаҳор Шерниёзова, Хоразм вилояти бош отинойиси:
– Бу ердаги манбалар ва улардан фойдаланиш имкониятлари жуда кенг. Бу биз учун катта бойлик.
Муҳаббат Равшанова, Қашқадарё вилояти диний соҳа вакили:
– Бу ерда тарих фақат маълумот эмас, балки руҳ ва маъно билан тақдим этилган. Бу инсонни ўйлашга ундайди.
Шунингдек, ташриф давомида иштирокчилар учун махсус амалий машғулотлар ташкил этилиб, замонавий маънавий тарғибот усуллари ва таълимий ёндашувлар муҳокама қилинди.
Ташриф якунида делегация вакиллари Марказнинг “юраги” ҳисобланган Қуръони Карим залида бўлиб, бу ердаги ноёб Усмон мусҳафи ва замонавий голографик тақдимот уларда чуқур маънавий таассурот қолдирди.








