“Маърифат карвони” Ислом цивилизацияси марказида
“Маърифат карвони” Ислом цивилизацияси марказида
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси қабул қилинган кун муносабати билан “Тамаддун, маданият ва маърифат” шиори остида “Маърифат карвони” тадбири ташкил этилди.
Тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Ислом цивилизацияси марказини барпо этиш бўйича кенг кўламли ишлар якунига етмоқда. Давлатимиз раҳбари бир неча маротаба Ислом цивилизацияси марказининг лойиҳалаш ва қурилиш ишлари билан танишиш учун ташриф буюрдилар. Марказнинг муҳташам биносини сифатли ва мазмунли контент билан тўлдириш ҳар биримиздан алоҳида масъулият талаб этмоқда.
Марказимизнинг илмий ходимлари ва тадқиқотчилари юртимиздаги ва хорижий олимлар билан ҳамкорликда марказ контенти ва концепциясини такомиллаштириш устида иш олиб бормоқда. Шу билан бирга, Президентимиз ташаббуси билан жорий йилнинг 3-15 декабрь кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Ёшлар ишлари агентлиги ва бошқа қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Маърифат карвони” лойиҳаси доирасида жойларда турли учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов ёшларда Ватанга муҳаббат туйғусининг шаклланишида Давлат мадҳияси муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Тадбирда профессор Нарзулла Жўраев Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг қабул қилиниши тарихи хусусида тўхталиб ўтди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Гулбаҳор Эрқулова ҳамда бошқа ўзбек санъати вакиллари томонидан мусиқий дастур намойиш этилди.