Марғилонда янги илмий-маърифий туризм маркази
Марғилонда янги илмий-маърифий туризм маркази

Марғилон шаҳрида жаҳон тамаддуни ва ислом илм-фанига беқиёс ҳисса қўшган мутафаккир Имом Бурҳониддин Марғилоний илмий-маърифий туризм маркази барпо этилмоқда.
Марказда замонавий шаклда ташкиллаштириладиган музей, миллий услубда барпо этиладиган “Отабек ва Кумуш” уйи, сунъий кўл, мақом театри, гастрономия ва хизмат кўрсатиш марказлари, савдо дўконлари, меҳмонхоналар ҳамда бозор инфратузилмаси назарда тутилган.
Мазкур қурилишлар келажакда Марғилон шаҳрининг тарихий, илмий ва туризм салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилади. Бу жой, шубҳасиз, зиёрат ва илмий тадқиқот мақсадида келувчилар учун ҳам жозибадор масканга айланади.
Шу кунларда мазкур ҳудудда қурилиш ишлари жадал суръатларда олиб борилмоқда. Бугунги кунда илмий-тадқиқот маркази биноси билан бир қаторда бошқа муҳим иншоотларнинг ҳам қурилиши бошланган.
Мазкур мажмуа нафақат Марғилон, балки Фарғона водийси ҳамда бутун мамлакатимиз учун муҳим маданий-маърифий маскан бўлиб, у келажакда ёшлар тарбияси, диний соҳа ходимларининг салоҳиятини ошириш, миллий ўзликни англаш ва қадриятларни асраш йўлида хизмат қилади.