Маънавий қудрат тимсоли

 Маънавий қудрат тимсоли 

ypkpfckpfuckr.jpg 

 

         Пойтахтимизда буюк аллома ва мутафаккирларимизнинг жаҳон илм-фани ва маданияти тараққиётига  қўшган бебаҳо ҳиссаси ўзининг ёрқин ифодаси мужассамлашган Ислом цивилизацияси маркази қад кўтарди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Бу марказ орқали илм, маърифат, маданият ривожига миллатимиз қўшган ҳиссани муҳрлаб қўймоқчимиз, бу улуғ меросни халқимизга, ёшларимизга етказмоқчимиз. Ислом цивилизацияси маркази шу йўналишдаги илмий муассасалар учун фундаментал база бўлиши лозим”, деб таъкидлаган.

         Цивилизация, яъни тамаддун атамаси шотланд файласуфи А.Фергюссоннинг фикрича, умумжаҳон тараққиётнинг маълум бир босқичини ифодалайди.  Француз маърифатпарварлари эса  цивилизация атамасини ақл-идрок ва адолатга асосланган жамиятга нисбатан ишлатганлар. Умуман цивилизация тарих ва жамиятнинг сифат кўрсаткичи бўлиб, у ёки бу мамлакат доирасида амал қиладиган, ишлаб чиқариш кучлари, инсон фаолияти, маданияти томонидан умумий ижтимоий қонуниятларнинг ўзига хослигини ифодалайди.

         Инсоният тарихида турли цивилизациялар  бўлган.  Миср, Карфаген, Хитой, Юнон-Рум, Бобил ва бошқа  цивилизациялар шулар жумласидандир. Аммо уларнинг ҳеч қайси бири Ислом цивилизацияси каби тез ва кенг ёйилмаган, аксинча таназзулга юз тутган. Ислом цивилизацияси эса  улкан жуғрофий кенгликни эгаллаган ҳолда IX-XII асрлардаги дунё мусулмонларини қамраб олган ўзига хос тараққиёт даври ҳисобланади.

          Ислом цивилизациси  шаклланиши ва ривожланишига улкан ҳисса қўшганлар қаторида биринчи навбатда Ўрта Шарқда илк бора Ер Қуёш атрофида айланишини асослаб берган  Абу Райхон Беруний, алгебра фани ва алгоритм тушунчасига асос солган Муҳаммад ал-Хоразмий,   Нил дарёсининг сатҳини ўлчовчи ноёб ускуна яратган Аҳмад Фарғоний, дунёда Авиценна номи билан танилган, ҳозирга қадар фойдаланиб келинаётган  машҳур бешта китобдан иборат  “Тиб қонунлари" муаллифи Абу Али ибн Сино, илмнинг турли соҳаларига оид 160 дан ортиқ рисолалар битган Абу Наср ал-Форобий,  “Турк тили лаҳжалари”ни тузган. Маҳмуд Қошғарий, бутун ислом оламида машҳур бўлган “Ҳидоя” асарининг муаллифи Бурҳонуддин ал-Марғиноний,    Ислом илмларини тараққий эттирган Термизийлар эътироф этилади.Улар  Биринчи Ренессанс, яъни Уйғониш даври алломалари ҳисобланади.

Уларнинг ислом илм-фанини жаҳонда юксак даражага кўтаришларида  вақфлар томонидан қўллаб-қувватланган бепул умумхалқ мактабларнинг, кўплаб мусулмон шаҳарларида эса  Низомия, Мустансирия, Ҳалавия, Жавзия, Ал-Азҳар ва бошқа машҳур  олий ўқув юртларининг ташкил этилиши алоҳида аҳамият касб этган.  Ислом цивилизациясини шакллантирилишида  бу таълим муассалари ҳал қилувчи аҳамият касб этган.

Хусусан Исфаҳон, Нишапур, Балх ва Ҳиротда барпо этилган Низомия, Мустансирия, Ҳалавия, Жавзия, Ал-Азҳар ва бошқа олий ўқув юртлари кейинчалик Европада университетларни ташкил этиш учун намуна бўлиб хизмат қилган. Европадаги энг қадимги таълим муассасаси - Италиядаги Салерно университети ислом мадрасаларидан намуна олиб ташкил этилган. Болоня, Париж, Монпеле ва Оксфорд университетлари, умуман Европадаги бошқа йирик олий ўқув юртлари XII асрдан кейин, яъни исломдаги  олий ўқув юртларидан кўп асрлар ўтиб пайдо бўлган.

Исломнинг  олий мактаблари - мадрасалар илмий фаолиятнинг муҳим марказлари бўлган. Уларнинг ўқитувчилари ўз даврининг буюк олимлари эдилар. Ислом оламининг турли бурчакларидан келган, илмий даражага эга бўлган ўқитувчилар ушбу марказларда тадқиқотлар олиб боришган. Бу   қадимий университетлар талабалари   уй-жой ва стипендия билан таъминланган.

  Афинадаги “Платон”, Бағдоддаги “Байт ул ҳикмат”, яъни “Донишмандлик уйи” каби илмий муассасалар қатори Хоразмда X аср охири - XI аср бошида фаолият олиб борган Маъмун академияси  астрономия, математика, бадиий санъат, адабиёт ва бошқа соҳаларда жаҳон тамаддуни хазинасига муносиб ҳисасини қўшган. Бу илмий муассасада фаннинг барча соҳаларида тадқиқот ва изланишлар олиб борилган, жуда кўп манбалар тўпланган, ҳинд, юнон, араб олимларининг асарлари ўрганилган. Маъмун академиясида амалга оширилган тадқиқотлар натижасида кўҳна Хоразм бадиий санъати, адабиёти, астрономияси, математикаси, суғориш маданияти ютуқлари жаҳон тамаддуни ҳазинасини бойитган  ва бутун инсоният манфаатларига хизмат кила бошлаган.

Юртимиз тарихида  Ислом маданиятининг олтин даври ҳисобланган IX-XII асрларда математика, астрономия, кимё, тиббиёт, ҳуқуқ, геодезия, дунё тузилиши ҳақидаги замонавий назарияларга асос солинган Биринчи - маърифий Уйғониш ҳамда Темурийларнинг XIV-XV асрлардаги муҳташам салтанати - Иккинчи Уйғониш  - Ренессансларга бешик бўлганлиги  эътироф этилади. Иккинчи Ренессанс шаҳарсозлик, меъморлик, тасвирий ва амалий санъат, наққошлик, зардўзлик, металлга бадиий ишлов бериш, хаттотлик, илм-фан ва таълим-тарбия, бадиий ижодиёт, китобат санъати ва кутубхоначилик, мусиқашунослик каби соҳалардаги беқиёс ўзгаришлар билан боғлиқ бўлган. Умуман бу  икки Уйғониш  даврида  Бухорода 300 дан ортиқ, Самарқандда эса 120 га яқин, Хивада 64 та ўз даврида университетлар ҳисобланган мадрасалар фаолият кўрсатган. Мирзо Улуғбек томонидан ташкил қилинган мадраса эса бутун дунёдан келган илму толиб ва олимларни жалб этган ҳолда ўз даврининг жаҳоншумул янгиликларини яратишда академия вазифасини ўтаган.

Бунёд этилаётган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази дунё тарихида илк Шарқ Уйғониш даври – Мусулмон Ренессанси деб ном олган ўрта асрлар ва ундан кейинги замонларда бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг жаҳон илм-фани ва маданияти, муқаддас ислом дини ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини илмий асосда ҳар томонлама чуқур илмий асосда чуқур тадқиқ этиш билан бир  қаторда уларнинг маънавий жасорати, улуғ инсоний фазилатларини кенг тарғиб қилишга даъват этилган.  Зеро улуғ аждодларимиз томонидан яратилган ва бугунги кунда бутун маърифатли дунёни ҳайратга солиб келаётган илмий мерос бутун инсониятнинг маънавий мулкига айланди,  ушбу бебаҳо бойлик авлодларимиз учун донишмандлик ва билим манбаи, янги кашфиётлар учун мустаҳкам замин бўлиб хизмат қилиши муқаррардир. Шу билан бирга ушбу Марказ зиммасига Янги Ўзбекистоннинг  ғояси - Учинчи Ренессансни,  мамлакат тарихининг янги юксалиш давридаги ютуқларини илмий асосда ўрганиш, буни кенг жамоатчиликка тарғиб қилиш вазифаси юклатилган.

Мамлакатимизнинг  Учинчи Рeнeссaнс пойдeворини бaрпо этиш улуғ мaқсaди энг аввало замонавий тaълимни янада тараққий эттириш, барча соҳаларган замонавий  илғор  инновaциялaрни жорий этиш, жамиятда соғлом турмуш тaрзини қaрор топтиришни таъминлашини кўзлайди. Президентимиз таърифлаганидек, “Бугун жаҳон миқёсида юртимиз ҳақида сўз кетганда, “Янги Ўзбекистон” ибораси тилга олинмоқда. Бу кейинги йилларда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган залворли ютуқларимизнинг эътирофидир. Халқимизнинг улуғвор қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир Уйғониш — Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади”.

Ахборот асри номини олган ҳозирги давр тараққиёти бевосита инсон капитали тушунчаси билан боғлиқ. Жаҳон банки маълумотларига мувофиқ ҳозирги пайтда  жаҳон бойлигининг учдан икки қисми – 64 фоизи ёки 1152 миллиард АҚШ долларлик инсон капитали ҳиссасини ташкил этади. Нобель мукофотининг лауреати Лэри Беккер ҳам ҳозирги давримизни инсон капитали иқтисодиёти асри деб таърифлайди. Унинг фикрича, агар замонавий технологиялар иқтисодиётнинг мотори -  юритувчиси бўлса, инсон капитали эса унинг ёнилғисидир, деб баҳолаган.

                Буни таълим соҳасида юксак натижаларга эришаётган давлаитлар мисолида яққол кўриш мумкин Хусусан, Америка Қўшма Штатлари, Австралия, Япония каби давлатларда университетларнинг ўз мамлакатлари  ялпи ички маҳсулотига қўшаётган ҳиссаси ниҳоятда салмоқли.  Уларнинг ҳар бири йилига давлат бюджетига 50 миллиард АҚШ доллари миқдорида   маблағ келтиради. АҚШда  бу 600 миллиард долларни ташкил этмоқда.

         Хусусан ҳозир аҳолиси 51 миллион кишидан ортиқ бўлган Жанубий Кореяда 419 та олий таълим муассасаси мавжуд. Ушбу давлат ҳар 100 минг аҳоли сонига тўғри келадиган талабалар сони бўйича дунёда пешқадам. Мамлакатда умумтаълим ўрта мактабларини тугаллаган ёшларнинг 70 фоизи олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттиради. Уларнинг салмоқли қисми масофадан туриб таълим олиб, бакалавр даражасига эга бўлиш имкониятига эгадир.

         Жанубий Кореяда ахборот-коммуникация технологиялари бошланғич, ўрта ҳамда олий таълим муассасаларида кенг жорий этилган. Мамлакатдаги университетларнинг 83 фоизи “Е-learning”- электрон ўқитиш тизими билан қамраб олинган. Интернетнинг таълим  портали улкан миқдордаги видеодарслар, электрон китоблар, ўқув материалларининг кўчирмаларига эга. Ундан 6,7 миллион талаба  фойдаланади. Шунингдек мамлакатда 17 та кибер университет мавжуд бўлиб, уларда онлайн тартибида 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган 40 минг талаба таҳсил олади. 

         Жанубий Кореяда юқори малакали мутахассислар тайёрлаш самарали тизими яратилиши натижасида миллий иқтисодиётнинг юқори суръатларда ривожланиши таъминланмоқда. Халқаро валюта жамғараси маълумотларига кўра, ушбу мамлакатда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажми 37730 АҚШ долларини ташкил этади. Таққослаш учун Ўзбекистонда ушбу кўрсаткич 6070 долларга тенглигини келтириш мумкин. Айни пайтда Жанубий Кореяда “рақамли иқтисодиёт”нинг ялпи ички маҳсулот ҳажмидаги улуши 8,0 фоизга етган. Бу ҳам жаҳонда Буюк Британиядан (12,4 фоиз) кейин энг юқори - иккинчи натижадир.

         Давлатимиз раҳбари  “Мен доимо таълим, таълим, муаллим, муаллим, деб таъкидлашим бежиз эмас. Чунки таълимни ривожлантирмасдан туриб юксак тараққиётга эриша олмаймиз. Ҳар қандай муаммонинг ечими ҳам, эртанги кунимизни ҳал қилувчи омил ҳам, шубҳасиз, таълимдир”, деб алоҳида таъкидлаган.

         Ўзбекистонда   олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси қабул қилинган. Унга мувофиқ, олий таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, ҳудудларда давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш асосида олий таълим билан қамров даражасини 50 фоиздан ошириш, соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш вазифаси белгиланган. Шунингдек, узлуксиз таълим тизими мазмунини сифат жиҳатидан янгилаш, иқтидорли болалар ва истеъдодли ёшлар билан аниқ мақсадга йўналтирилган ишларни амалга ошириш тизимини яратиш, ўқитиш усулларини такомиллаштириш, таълим хизматлари сифатини яхшилаш, халқ таълими соҳасига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари  ва инновацион лойиҳаларни жорий этиш каби асосий устувор йўналишлар  белгиланган.

         Натижада кейинги 6 йил мобайнида олий ўқув юртлари сони 77 тадан 210 тага етди, уларга қабул 3,5 бараварга ортди. Ёшларнинг олий таълим билан қамров даражаси 9 фоиздан 39 фоизга оширилди.

         Жаҳоннинг энг равнақ топган мамлакатларида ҳозиргача фойдаланиб келинаётган илғор технологияларидан тортиб кундалик истеъмол буюмларигача айнан мусулмон олимларнинг илмий кашфиётлари туфайлидир. Президентимизнинг ташаббуси билан Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари қаторида Ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиши - аждодларимиз меросини яна-да чуқурроқ ўрганиш, уни келажак авлодларга етказишга хизмат қилади.

 Эркин ЭРНАЗАРОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист

 

“Ишонч” газетаси 2023 йил 8 декабрь