Маънавият соҳасидаги долзарб масалалар
Маънавият соҳасидаги долзарб масалалар

Тошкент вилоятида вилоят ҳокими, вилоят Маънавият ва маърифат Кенгаши раиси Зойир Мирзаев, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси шуъба мудири Абдухалил Маврулов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов, Кенгаш аъзолари, вилоятдаги давлат ва жамоат ташкилотлари масъуллари иштирокида вилоят Маънавият ва маърифат Кенгашининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.
Вилоятда бугунги кунда 88 та китоб дўкони аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Умумтаълим мактабларининг кутубхоналар фонди 1,2 миллиард сўмлик 74 минг 357 та бадиий адабиёт билан бойитилди. Бундан ташқари, “Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан” акцияси доирасида 10 мингдан ортиқ китоб таълим муассасаларига совға қилинди.
Вилоятнинг умумтаълим муассасаларида “Фарзандим учун битта китоб” лойиҳасини амалга ошириш ташаббуси илгари сурилди. Энг кўп китоб йиғилган 1-ўриндаги 5 та мактаб учун вилоят ҳокимлиги томонидан 200 миллион сўм пул мукофоти берилади. 2-ўриндаги 5 та мактаб учун ҳомийлар томонидан пул мукофоти берилади.
Ёзги таътилда “Кутубхона ҳамма учун очиқ” лойиҳаси доирасида мактаблар кутубхоналари ўз фаолиятини давом эттиради. Кутубхоначилар учун шу давр мобайнида қўшимча 3 миллион сўм миқдорида ойлик маош белгиланади. Болалар оромгоҳларида эса ижтимоий ҳимояга муҳтож, энг кам иш хақи олиб ишлайдиган ҳайдовчилар, фаррошлар, ота-онаси озодликдан маҳрум бўлган болаларнинг дам олиши чоралари кўрилади.