Маданий-маърифий алоқаларнинг янги истиқболлари
Маданий-маърифий алоқаларнинг янги истиқболлари

Санкт-Петербургда Х халқаро маданий форум ташкил этилди.
Ушбу форум МДҲ мамлакатлари ўртасида маданий-маърифий алоқаларни янада яхшилаш ва янги босқичга олиб чиқиш, ҳамкорликдаги режаларни белгилашга қаратилгани билан аҳамиятли.
Мазкур форум ишида Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков бошчилигидаги делегация ҳам иштирок этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков форум доирасида нутқ сўзлади.
Ўз нуқтини дастлаб рус тилида бошлаган вазир маърузасини она тилимизда давом эттиргани эътиборга моликдир.
О.Назарбеков ўз нутқида эътироф этганидек, Ўзбекистон маданий дипломатияни юксак қадрлаган ҳолда халқаро ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик олиб бормоқда. Ўзбекистоннинг маданий ҳамкорлик соҳасидаги халқаро тажрибасини ўрганар эканмиз, мамлакат ўзига хос миллий қадриятларга содиқ қолган ҳолда соҳани маданиятнинг замонавий йўналишлари билан ривожлантириб бормоқда.

Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги ҳамкорлик кейинги йилларда янги босқичга кўтарилди. Келгуси йили Самарқандда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси бўлиб ўтади.
Таъкидлаш жоизки, ЮНЕСКО Бош Aссамблеясининг сессияси сўнгги 40 йилдан ортиқ вақт ичида биринчи марта Париждан ташқарида ўтказилади.
Ўзбекистоннинг ISESCO ташкилотидаги иштироки халқларимиз ўртасида мулоқотни йўлга қўйишга, замонавий муаммоларни ҳал этишда исломий ёндашувдан фойдаланишга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “МДҲ давлатларининг маданий мероси” конференциясини Тошкентда ўтказиш ташаббуси МДҲ давлатлари ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш истагидан далолат беради.
Форумда Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан маданий-маърифий, ижтимоий-гуманитар алоқаларини янада ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсиялар белгиланди.