Маданий ёдгорликлар ва тарихий масканлар асралмоқда
Маданий ёдгорликлар ва тарихий масканлар асралмоқда
“Моддий- маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхати”га асосан бугунги кунда б 8366 тага етди. Шундан 4796 таси археология ёдгорликлари, 2268 таси архитектура ва 772 таси монументал санъат ёдгорликлари, 530 таси эса диққатга сазовор жойлар, қолган 157 таси мозаика ва композицияларни ташкил этади.
Ўтган 2024 йилда республикадаги 123 та маданий мерос объектида реставрация ва таъмирлаш-тиклаш ишлари амалга оширилди. Музейлар йўналишида эса 2730 та тадбир ташкил этилди. Тарихимиздан сўзловчи ушбу масканларга 4,5 миллиондан зиёд маҳаллий ва хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Берлин, Боку, Флоренция, Венеция ва Лондон шаҳарларида Ўзбекистон музей ашёларининг кўргазма намойишлари ўтказилди. 27 та музейда совғалар ва сувенир дўконлари, ҳунармандлар устахонаси ва савдо шохобчалари, онлайн дўконлар, рассомлар, артистлар ва фольклор жамоалари, ҳунармандлар ҳамда фотосессия учун махсус ҳудудлар ташкил этилди. Имконияти чекланган шахслар учун инклюзив шарт-шароитлар яратиш мақсадида 53 та музейда пандус йўлакчаси, 9 та музейда кўтарилиш воситаси (лифт) ўрнатилди ва 35 га яқин музей аудиогид воситалари билан жиҳозланди.
Бундан ташқари, мамлакатимизнинг археологик ёдгорликларини тадқиқ қилиш, илмий ўрганиш ва уларни очиқ осмон остидаги музейларга айлантириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Афросиёб (Самарқанд), Ахсикент ва Учтепа (Наманган) археология ёдгорликларини музейлаштириш чоралари кўрилди. 5 та археология ёдгорлигида музейлаштириш ишларини олиб бориш учун лойиҳалар ишлаб чиқилди. Фарғона вилоятида 108 та, Навоий вилоятида 275 та археология ёдгорлиги хатловдан ўтказилди.