Маданий ҳамкорлик уфқлари
Маданий ҳамкорлик уфқлари
Анталия шаҳрида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги Ҳукуматлараро комиссиянинг маданият соҳаси бўйича қўмитасининг мажлисида маданият соҳасидаги икки томонлама кун тартибидаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Тадбирда жумладан Ислом цивилизация маркази очилиш маросимида Туркия томонининг иштирокини таъминлаш, хусусан, Тошкентда Истанбулдаги Сулаймония кутубхонаси экспонатлари намойишини ташкил этиш, маданий таълим ва креатив иқтисодиёт соҳасида тажриба алмашиш, буюк туркий уламолар ва тарихий шахслар ҳақида видеофильм ва телесериаллар суратга олиш, Туркия архивлари ва кутубхоналарида сақланаётган Ўзбекистон тарихига оид илмий ва маданий меросни ўрганиш, уларнинг факсимиль нусхаларини олиш масалалари муҳокама этилди.
Шунингдек томонлар ўзаро маданий ҳамкорликни янада юқори даражага олиб чиқиш, туркий дунё маданиятини халқаро миқёсда тарғиб этиш ва ёш авлодга бой маданий қадриятларни етказиш бўйича биргаликдаги ҳаракатларни давом эттиришга келишиб олдилар.