Маҳалла – Янги Ўзбекистон тараққиётининг таянч нуқтаси

Маҳалла – Янги Ўзбекистон тараққиётининг таянч нуқтаси

 

nssgszgszgggg.jpg

 

Ўзбекистонда давлат бошқарувини номарказлаштириш ва хизматларни бевосита маҳаллага тушириш, “инсон қадри учун” тамойилини жамиятнинг энг қуйи бўғинида қарор топтириш тизимли ислоҳотларнинг бош мезонига айланган.

Миллий ўзлигимиз тимсоли бўлган маҳаллаларимиз гўзал ва бетакрор Ватанимизда тинчлик ва аҳиллик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик маконига айлангани билан албатта барчамиз фахрланамиз.

Ўзини ўзи бошқаришнинг ноёб тизими бўлган бу идоранинг нуфузини ошириш, уни чинакам халқ виждонига айлантириш, ҳуқуқ ва ваколатларини кенгайтириш, моддий-техник базаси ва кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш борасида кейинги йилларда улкан ишлар амалга оширилмоқда.

Бу ишлар аввало бандликни таъминлаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, хотин-қизлар, ёшлар, нуроний отахон ва онахонларимизга манзилли ёрдам кўрсатиш, фуқароларни замонавий касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш, камбағалликни қисқартириш ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар билан уйғун ҳолда олиб борилаётгани диққатга сазовордир.

Айниқса, барча соҳа ва йўналишлар бўйича “маҳаллабай” ишлаш тизими кенг жорий этилиб, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси ҳамда профилактика инспекторидан иборат таъсирчан тузилма фаолияти йўлга қўйилгани ижобий самара бермоқда. Бунинг тасдиғини маҳаллаларда тадбиркорлик ривожланиб, янги иш ўринлари, доимий даромад манбалари яратилаётгани, барқарор ижтимоий-маънавий муҳит мустаҳкамланиб, жиноятчилик камайиб бораётгани мисолида кўриш мумкин.