Лондондаги кўргазмада кулол Шоҳруҳ Раҳимов ижоди намойиши
Лондондаги кўргазмада кулол Шоҳруҳ Раҳимов ижоди намойиши

Лондон ҳунармандчилик ҳафталиги доирасида “Cromwell Place” санъат масканида Микеланжело ижодкорлик ва ҳунармандчилик жамғармаси томонидан ташкил этилган тақдимотда машҳур ўзбек кулоллар сулоласи вакили Шоҳруҳ Раҳимовнинг ҳам ижод намуналари намойиш этиляпти.
Таниқли уста Ш.Раҳимов “Homo Faber” стипендиялари дастурининг илк битирувчиси сифатида Грецияда малака ошириб, маҳаллий ҳунармандлар тажрибасини ўзлаштириб қайтган.
Бирлашган Қиролликдаги тадбирда у машҳур юнон ҳунарманд устаси Яннис Зоис билан ҳамкорликда буддавий ибодат маросимларига оид санъат асарларини тақдим этмоқда. Чинни ва африканча ёғочдан ясалган асар 22 каратлик олтин билан қопланган. Раҳимов ва Зоиснинг муштарак асари Шарқ ва Ғарб маданияти ўртасидаги ўхшашликни акс эттиради.
Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси билан Микеланжело ижодкорлик ва ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ўртасидаги ҳамкорлик ёш усталарнинг ижодий салоҳиятини кенгайтириш, тажриба ва замонавий дунё ҳақидаги тасаввурини бойитиш учун янги имконият тақдим этиб, ўзбек ҳунармандчилиги амалиётини жаҳон маданий маконига татбиқ этишга хизмат қилади.