Қутайба ибн Муслим зиёратгоҳи
Қутайба ибн Муслим зиёратгоҳи
Андижон вилояти Жалақудуқ туманидаги Қиличмозор қишлоғида Қутайба ибн Муслим номи билан аталувчи зиёратгоҳ ва мақбара бор. Тарихчи Муҳаммад Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарида “Қутайбанинг қабри Фарғона водийсида машҳур бўлиб, “Работи сароҳанг” деган жойда.
Қутайба ибн Муслим мақбараси устига ўрнатилган тошга шундай битиклар ёзилган: “Ва ул одамларки, Аллоҳ йўлида ўлдирилдилар, аларни ўликлар деб гумон қилмагин. Балки алар тирикдурлар. Парвардигорлари қошида аларға ризқ берилур”.
Айрим манбаларда келтирилишича, Соҳибқирон Амир Темур Қутайба дафн этилган жойни муқаддас билиб, буюк ислом саркардасининг қабри устига Самарқанддан меъмор жўнатиб, кўркам ва маҳобатли мақбара қурдирган. Бу мақбара 1935 – 1936 йилларда атеистлар томонидан бузиб ташланган.
1975 - 1978 йилларда мақбара миллий меъморчилик анъаналари асосида қайта қурилган. Икки хонали мақбаранинг асосий хонаси ташқаридан квадрат асосида бўлиб, ичкариси саккиз бурчакли, томонлари чуқур меҳробсимон равоқлар билан кўтарилиб, диаметри 5,5 метрли гумбаз билан ёпилган, гумбаз ўртасида эса қабр жойлашган бўлиб, мақбара ғарбидаги даҳлиз зиёратчиларга мўлжалланган.
Ислом тарихи саҳифаларидан муносиб ўрин олган улуғ зот номи билан аталувчи мазкур зиёратгоҳ 2006 йилда тарихий ва маданий мерос объекти, зиёратгоҳ сифатида давлат муҳофазасига олинган.
Кейинги йилларда зиёратгоҳни кенгайтириш, ободонлаштириш борасида катта ҳажмдаги қурилиш, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Натижада зиёратгоҳ мажмуаси бутунлай янгича қиёфага эга бўлади, зиёратчилар учун барча қулайликлар яратилади.