Кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат ришталари
Кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат ришталари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон 26 март куни давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.
Ўзбекистон ва Тожикистон халқлари нафақат қўшни, балки асрлар давомида қондошу қардош бўлиб, бир булоқдан сув ичиб, бир ҳаводан нафас олиб, ягона осмон остида бунёдкорлик ишлари билан шуғулланиб келган, биргаликда елкама-елка туриб, қийинчиликларни енгиб ўтган. Ягона дин, ўхшаш маданият, урф-одат ва анъаналар бир-бирига мустаҳкам боғлаб туради.
Президентларнинг сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаб юритаётган оқилона сиёсати туфайли сўнгги йилларда мамлакатларимизнинг кўп қиррали ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди, халқларимиз дўстлиги мустаҳкамланди.
Олий мартабали меҳмон “Янги Ўзбекистон” боғига ташриф буюриб, Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди.
Илм-маърифати, муносиб амаллари билан миллатлараро муносабатларни юксак даражада қадрлаган аждодларимиз мероси ҳамиша дунё ҳамжамияти эътиборида.
“Янги Ўзбекистон” боғининг Мустақиллик монументида акс этган улуғлар тимсоли бугун барчамизга ифтихор бағишлайди. Мамлакатимиз ўтмиши ва келажагини акс эттиради.
Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўяр экан, Ватан озодлиги, эл фаровонлигининг ёрқин ифодаси сифатида мағрур қад ростлаган мажмуа қошида рамзий бош эгди.
Дунё тамаддунига ҳамжиҳатлик билан ҳисса қўшишни тараннум этган боболаримиз маърифатини эътироф этиб, эҳтиром кўрсатди.
Кўксарой қароргоҳида мамлакатимизга давлат ташрифи билан келган Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмонни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Президент Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий қутлаб, шоҳсупага таклиф этди.
Икки мамлакатнинг давлат байроқлари кўтарилди ва фахрий қоровул саф тортди. Ҳарбий оркестр ижросида Ўзбекистон ва Тожикистон мадҳиялари янгради.
Етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон тор доирада музокара ва Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилишини ўтказдилар.
Давлатимиз раҳбари Тожикистон Президентининг ушбу давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга бўлиб, икки мамлакат ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва ўзаро ҳурмат ришталарини мустаҳкамлашда яна бир муҳим қадам эканини алоҳида таъкидлади.