Қозоғистон Миллий музейида Ўзбекистон кўргазмаси очилди
Қозоғистон Миллий музейида Ўзбекистон кўргазмаси очилди

Қозоғистон Республикаси Миллий музейида Ўзбекистон тасвирий ва халқ амалий санъати кўргазмаси тантанали суратда очилди. Мазкур кўргазмада ўзбек рассомлари, амалий санъат усталарининг сўнгги ўн йилликдаги жозибали ижоди намоён этилмоқда..
Кўргазманинг халқ амалий санъати бўлимида замонавий ўзбек усталари асарлари намойиш этилмоқда. Ўзбекистонда анъанавий ҳунармандликни тиклаш, халқ амалий санъати турларини ривожлантириш жараёни фаол илгари сурилмоқда. Бу орқали миллий маънавият ва ўзликни англаш туйғуси юксалади.
Халқ ҳунармандлигининг сара намуналари – тошкентлик усталар ёғоч ўймакорлиги ва наққошлиги, Самарқанд ва Бухоро сўзанаси, Марғилоннинг адраси ва қўлда тўқилган шойи, бўртма ва миниатюра ашёлари, Риштон, Ғиждувон, Ургут кулолчилик буюмлари ҳақиқий санъат мухлислари эътирофига сазовор бўляпти.
8 августга қадар давом этадиган кўргазмада жами 80 га яқин ранг-тасвир, 100 дан зиёд халқ амалий санъати асари тақдим қилинган.