Касбий таълим тизими қандай ўзгаради
Касбий таълим тизими қандай ўзгаради

Президент Шавкат Мирзиёев касбий таълимни ривожлантириш ва миллий малака тизимини ислоҳ қилишга оид таклифлар тақдимоти билан танишди.
Мамлакатда техникумлар тармоғини ривожлантириш таклиф этилмоқда. Унга кўра, 600 та техникум ташкил этилади. Мақбуллаштириш натижасида бўшайдиган 71 та муассаса биноси мактабларга айлантирилиб, 42 мингта янги ўқувчи ўрни яратилади.
Илгари коллежлар турли вазирлик ва идораларга қарашли эди. Энди бу тизимда бошқарув, ташкилий ва методик жиҳатдан ягона давлат сиёсати Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан юритилади.
Шунингдек, техникумларнинг академик мустақиллигини кенгайтириш мўлжалланмоқда. Ўқиш муддатлари ва давомийлигини касб мураккаблиги ва ўқувчининг таълим даражасига қараб белгиланиши кўзда тутилмоқда.
Техникумларда таълим сифати ва жозибадорлигини ошириш мақсадида халқаро таълим дастурлари йўлга қўйилади. Дастлаб, тажриба тариқасида, 14 та техникумда хорижнинг “BTEC” дастури жорий этилади.
Битирувчиларга 70 та давлатда тан олинадиган диплом берилади ҳамда 200 дан ортиқ хорижий университетларга кириш имкони яратилади. Натижага қараб, бу тажриба босқичма-босқич бошқа техникумларга ҳам татбиқ этилиши мумкин.
Қабул жараёнини иш берувчилар талаби асосида шакллантириш мақсадда электрон платформа яратилиб, унга барча вазирлик ва тармоқлар уланади. Техникумларнинг таълим дастурлари саноат тармоқлари, тадбиркорлар бирлашмалари, йирик иш берувчилар ва уюшмалар билан келишилганидан сўнг амалиётга киритилади.
Лавозим ва касблар классификатори қайта кўриб чиқилади, 100 га яқин замонавий касблар киритилиб, ҳозир амалиётда бўлмаганлари чиқариб ташланади.