Карвон йўллари чорраҳаларида қадимий маданият

Карвон йўллари чорраҳаларида қадимий маданият

 

fghfhdfyj.jpg 

 

Самарқанддаги Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейида “Ўзбекистон воҳа хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида” номли кўргазма очилди.

Кўргазма 2022-2023 йилларда Франциянинг Лувр музейида намойиш қилинган Ўзбекистон тарихининг турли даврларига оид экспонатлар асосида ташкил қилинди. Луврда намойиш қилинган 169 дона экспонатнинг 133 таси Ўзбекистон музейлари ва илмий-тадқиқот институтлари фондларига тегишлидир. Аҳамиятлиси, бу экспонатларнинг 51 донаси Самарқанд музей фондларига тегишли бўлиб, уларнинг 48 таси кўргазмадан жой олган. Қолган уч дона экспонат, яъни “Саклар дубулғаси” ҳамда “Исириқдон” жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб Берлиндаги Жеймс Симон галереясида ва Янги музейда намойиш қилинмоқда. “Элчилар зали деворий сурати парчаси” эса Афросиёб музейига ўрнатилган.

Кўргазмада Самарқанддаги илк ўрта асрларга оид Кофирқалъа археологик объектидан топилган панно биринчи марта намойиш этилмоқда. Экспозиция эрамиздан олдинги I минг йиллик бошларидан Темурийлар давригача бўлган даврни қамраб олади.

Кўргазма уч бўлимдан иборат. Биринчи бўлим Суғд маданияти, иккинчиси IX -XII асрлар даври маданияти ва санъати, учинчиси эса Темурийлар даври маданияти ва санъати деб номланган. Ўзбекистон Буюк Ипак йўлининг марказида жойлашганлиги сабаб ҳудудда дунё халқлари томонидан маданий соҳада узоқ тарихий давр мобайнида яратилган энг сара ютуқларни ўзида жамлаган маданият шаклланган.