Кам таъминланган оилалар ёқилғи-энергетика соҳасида қўллаб-қувватланади

Кам таъминланган оилалар ёқилғи-энергетика соҳасида қўллаб-қувватланади

caprcavparvaprvapr.jpg

     Коммунал хизматлар нархлари бозор тамойиллари асосида шаклланаётган бир пайтда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатида устувор вазифа бўлиб қолмоқда. Шу мақсадда кам таъминланган оилалар учун электр энергияси ва табиий газ харажатларини қоплашга қаратилган компенсация механизмлари янада такомиллаштирилди.

     Янги тартибга кўра, эндиликда эҳтиёжманд аҳоли давлат компенсациясини олиш учун онлайн тарзда мурожаат қилиш имкониятига эга бўлади. Бу фуқаролар учун қулайлик яратиш, давлат хизматларини рақамлаштириш ва ортиқча қоғозбозликни камайтиришга хизмат қилади.

     Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қабул қилган “Кам таъминланган оилаларни ёқилғи-энергетика соҳасида қўллаб-қувватлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ёқилғи-энергетика соҳасида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизими қайта кўриб чиқилди. Мазкур қарор билан 2024 йил 16 апрелдаги 204-сон қарорга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиб, электр энергияси ва табиий газ истеъмолининг базавий меъёр доирасидаги ҳамда меъёрдан ошган қисми учун тўланадиган компенсацияларни тайинлаш тартиби белгилаб берилди.

     Компенсация олиш истагида бўлган фуқаролар ҳар ойнинг 16-санасига қадар қуйидаги усуллар орқали мурожаат қилишлари мумкин. Давлат хизматлари маркази ёки ваколатли органга бевосита мурожаат қилиш, оила яшайдиган маҳаллага бириктирилган ижтимоий ходим орқали, «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизими ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мустақил равишда мурожаат қилишлари мумкин.