Қадимий цивилизация ва янги инновацион туризм маркази
Қадимий цивилизация ва янги инновацион туризм маркази

Бугун Хоразм вилояти қадимий мерос ва замонавий тараққиёт уйғунлашган, туризм, саноат ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларида Марказий Осиёдаги энг жадал ривожланаётган йирик логистика ва инновация марказларидан бирига айланмоқда.
Хоразм заминида бугун катта бунёдкорлик, иқтисодий ва ижтимоий янгиланишлар даври кечмоқда. Мисол учун, вилоятда аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 2016 йилга қадар 5,9 миллион сўмни ташкил этган бўлса, 2026 йилга келиб, 31 миллион сўмга етди ёки 5 баробарга ўсди. Ўша даврда вилоят иқтисодиётида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 10,3 триллион сўмни ташкил этган бўлса, жорий йил якуни билан 73 триллион сўмни ташкил этиб, 1,8 баробарга ўсиши кутилмоқда.
Бу кўрсаткич шунчаки рақам эмас, балки ҳудудда белгиланган стратегик мақсадлар шунчаки қоғозда қолмай, ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани, саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳасидаги жонланишнинг амалий ифодасидир.