“Йилнинг халқаро талабаси” мукофоти топширилди
“Йилнинг халқаро талабаси” мукофоти топширилди

Пойтахтимизда илк бор дунёнинг етакчи университетларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларнинг академик, ижтимоий ва профессионал ютуқларини эътироф этишга бағишланган “Йилнинг халқаро талабаси” мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтдию
Ушбу тақдирлаш маросими пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида ўтказилиб, унда 500 нафардан ортиқ меҳмон иштирок этди.
Тадбир Ўзбекистон Халқаро Талабалар Иттифоқи (UzSU) томонидан Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда “Эл-юрт умиди” жамғармаси кўмагида ташкил этилди. Ушбу тадбир фаол, ижтимоий масъулиятли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг Ўзбекистон билан алоқаларини мустаҳкамлаш ҳамда миллий аҳамиятга эга лойиҳаларга жалб этишда муҳим платформа бўлди.
Маросим доирасида UzSUнинг Ўзбекистондаги фаолияти расман йўлга қўйилди. Бу эса ташкилотнинг миллий даражадаги тизимли фаолияти бошланганини ва халқаро тармоғи кенгайиб бораётганини англатади.
Тадбир дастуридан “Чет элда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларининг мамлакат ривожидаги ўрни” мавзусидаги панель муҳокамаси ҳам ўрин олди. Унда халқаро талабаларнинг мамлакатимизнинг иқтисодий, ижтимоий ва интеллектуал ривожига қўшаётган ҳиссаси муҳокама қилинди.
“Халқаро йил талабаси” мукофоти “Йил талабаси”, “Жамият ва диаспора ривожига қўшган ҳисса”, “Ўзбекистонни халқаро майдонда муносиб намоён этиш” ва “Йил инновацияси” номинация бўйича топширилди.