Ислом санъати
Ислом санъати
Қатарнинг Ал-Шаҳания муниципалитетида жойлашган ислом санъатининг муаззам масканида Бобурийлар тамаддунига оид яна минглаб экспонатлар мавжуд. Музейдаги кандакорлик, мисгарлик маҳсулотлари орасида Бухоро усталари томонидан ясалган офтоба ва сув идишларини кўришингиз мумкин.
“Шарқ керамикаси” бўлимида Ахсикентда ясалган юзлаб сопол буюмларни учратдик. Сомонийлар, Қорахонийлар даври ҳамда Темурийлар даврига оид кўза, лаган ва нодир сопол идишлардан кўзингиз қувнайди.
Шунингдек, музейда наманганлик ҳунармандлар томонидан 220 кг олтин, 660 кг кумушдан фойдаланган ҳолда тайёрланган Каъбапўш, Абу Али Ибн Синонинг “Тиб қонунлар”и асарининг 1478 йилда кўчирилган ноёб нусхаси сақланмоқда.
Музейда жами 15 мингдан ортиқ экспонатлар мавжуд ва барча ашёлар 50 йил давомида тўпланган. Артефактлар тўртта асосий тоифага бўлинган: ислом санъати, транспорт воситалари, тангалар ва валюталар ҳамда анъанавий Қатар артефактлари.