Ислом цивилизацияси маркази Васийлик Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши
Ислом цивилизацияси маркази Васийлик Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 29 январь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, қурилиш ишлари ҳамда илмий-инновацион лойиҳалар тақдимоти билан танишди. Ташриф давомида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш доирасида тизимли ишлар бошлаб юборилди.
Ушбу мақсадда 11 март куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Марказ Васийлик Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда марказ экспозициясини бойитиш, илмий-инновацион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда Марказнинг ижтимоий-маърифий ва илмий-амалий маскан сифатидаги фаолиятини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
2024 йилда Тошкент ва Самарқандда ўтказилган “Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс асоси” мавзусидаги VIII халқаро конгресс ва Ўзбекистон олимлар форуми, шунингдек, “Шарқ Ренессанси феномени: салтанатлар, динлар, шахслар ва тамаддунлар” мавзусидаги халқаро маданий мерос ҳафталиги тадбирлари доирасида Марказ Илмий Кенгашининг йиғилишлари ўтказилган эди. Уларда шакллантирилган ва экспозицияни бойитишга қаратилган 800 дан ортиқ лойиҳа кўриб чиқилди ва Илмий кенгаш томонидан тасдиқланди.
Йиғилишда мазкур лойиҳалар уч босқичда амалга оширилиши белгиланди: Биринчи босқич – 2025 йил августгача, иккинчи босқич – 2025 йил декабргача, учинчи босқич – 2026-2027 йилларни тўлиқ қамраб олади.
Лойиҳаларни амалга оширишга 4 000 нафардан ортиқ маҳаллий ва хорижий тадқиқотчилар жалб қилинади.
Асосий ижрочи ташкилотлар эса 112 тани ташкил қилади. Лойиҳаларни амалга ошириш ишлари бўйича 60 дан ортиқ мамлакатдан 600 га яқин оммавий ахборот воситалари ҳамда олим ва экспертлар жалб қилиниши режалаштирилган.
Ўтган давр мобайнида қатор таниқли хорижий компаниялар Марказ тадбирларида фаол иштирок этиб, профессионал таклифларини бериб келаётгани йиғилишда алоҳида қайд этилди.
Улар билан экспозицияни бойитиш, бадиий ва архитектура дизайнини яратиш, “Вақт девори”, “Тарих йўлаги”, 3D Мэппинг ва “Иммерсив шоу” сингари лойиҳалар бўйича ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.
Ҳозиргача 100 дан ортиқ халқаро ташкилот Марказ билан ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирган.
Йиғилиш якунида Ислом цивилизацияси марказининг ривожланиш стратегияси, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва замонавий технологияларни жорий этиш ва бошқа кўплаб масалалар бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Васийлик Кенгаши томонидан 9 та йўналиш бўйича 39 та кичик ишчи гуруҳлари таркиби тасдиқланди.
Илмий-ижодий ишчи гуруҳлар таркибига давлат ташкилотлари, жумладан, вазирлик, қўмита, агентлик, ҳокимликлар ҳамда республикамиздаги ва хорижий таниқли олимлар, мутахассислар ва экспертларни кенг жалб этилиши белгилаб қўйилди.