Ислом цивилизацияси маркази экспозициялари яна бир бор нуфузли хорижий меҳмонларни чексиз ҳайратга солди
26 январ куни Тошкентда бўлиб ўтадиган Осиё Олимпия Кенгаши 46-Бош Ассамблеяси доирасида Марказий Осиё тарихини, ислом цивилизациясининг илмий ва маънавий меросини жаҳонга намоён этувчи муҳим ташриф амалга оширилди. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси вакиллари ҳамроҳлигида Осиё Олимпия Кенгаши раҳбарияти ва қатор халқаро нуфузли меҳмонлар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Ислом цивилизацияси марказида бўлиб, унинг экспозициялари орқали тарих, илм-фан ва замонавий инновациялар уйғунлигининг ёрқин намунасига гувоҳ бўлдилар.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси бошчилигида ташриф буюрган Осиё Олимпия Кенгаши (ООК) Ижроқўм аъзолари, хусусан, ООК Бош ва техник директори, World Aquatics Президенти Хусайн Аль Мусаллам, Шарқий Осиё бўйича ООК Биринчи вице-президенти Тимоти Цун Тинг Фок, ООКнинг Фахрий Ижроия қўмита аъзоси, Бруней Даруссалам МОҚ Президенти Шаҳзода Хажи Суфри Болкиах ҳазрати олийлари, шунингдек, АҚШ Президентининг Глобал шериклик бўйича Махсус вакили Паоло Замполи каби мартабали меҳмонларни Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов кутиб олди. Нуфузли меҳмонлардан иборат делегация учун бу ташриф оддий экскурсия эмас, балки асрлар оша илм ва тафаккур саёҳатига айланди.
Мартабали меҳмонлар, энг аввало, Марказнинг Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даври, Хоразмий, Фарғоний, Имом Бухорий ва Имом Термизий, Ибн Сино, Беруний, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, маърифатпарвар жадидлар сиймолари акс этган 14 та равоқдан иборат “Шон-шараф зали” экспозицияси билан таништирилди.
Марказ музейининг Исломдан аввалги давр экспозициясидаги қадимги Хоразм, Сўғд ва Бақтрия маданияти, “Авесто” мероси, археологик топилмалар ва қадимги давлатчилик анъаналари билан танишув эса Марказий Осиё ҳудудида исломдан олдин ҳам юксак маданият ва илмий муҳит мавжуд бўлгани ҳақида кенгроқ тасаввур уйғотди. Айниқса, экспозициядаги асл артефактлар, “Цивилизациялар ва кашфиётлар девори”даги интерактив контентлар, қадимги шаҳар манзилгоҳлари макетларининг ойна остида ноодатий тақдим этилгани меҳмонларни жуда қизиқтирди.
“Буюк ипак йўли харитаси” экспозициясини томоша қилар экан, Ўзбекистон ушбу тарихий савдо йўли чорраҳасида жойлашгани унинг тарихда ҳам, бугун ҳам кенг ривожланишига асос бўлганини таъкидлашди.
Мартабали меҳмонлар музейнинг Биринчи Ренессанс даври бўлимида IX–XII асрларда Муҳаммад ал-Хоразмийнинг рақамлар оламига очган эшиги, Абу Райҳон Берунийнинг коинотга қаратилган назарлари, Ибн Синонинг инсон ақли ва табиатга оид илмий қарашлари замонавий музей технологиялари орқали жонлантирилганига гувоҳ бўлишди. Ушбу экспозиция ҳар бир ташриф буюрувчига Марказий Осиё заминида илм-фан қандай қилиб жаҳон цивилизациясининг ажралмас қисмига айланганини ҳис эттирди.
Айниқса, Биринчи Ренессанс экспозициясида намойиш этилган Каъбапўш ҳақиқатан ҳам асл эканлиги ва Марказга тақдим этилгани меҳмонларнинг ҳайратига сабаб бўлди. Ушбу бўлимдаги Имом Бухорий капсуласида меҳмонлар ўзларини қизиқтирган саволларга тўлақонли жавоб олишди. Тақдим этилган маълумотлар эса уларни янада ушбу муҳаддис шахсига қизиқтириб қўйди.
Шунингдек, Самарқанд қоғози билан танишаркан, 1000 йиллар аввал ҳам шу қадар юқори сифатда ишлаб чиқилганига катта қизиқиш билдиришди.
“Иккинчи Ренессанс” бўлимида эса меҳмонларни Темурийлар даврининг маънавий қудрати билан юзма-юз келтирди. Амир Темур давлатида илм, санъат ва меъморчиликнинг давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, Самарқанд ва Ҳиротнинг илмий марказга айлангани, хаттотлик ва миниатюра санъатининг юксак намуналари бу ерда яққол намоён этилди. Меҳмонлар қўлёзмалар, меъморий макетлар ва визуал инсталляциялар орқали тарихни шунчаки томоша қилишмади, балки уни ҳис этишди.
АҚШ Президентининг глобал шерикликлар бўйича махсус вакили Паоло Замполли, ООК Бош ва техник директори, World Aquatics Президенти Хусайн Аль Мусаллам ушбу бўлимдаги Амир Темур кутубхонаси экспозициясида жойлаштирилган шахмат тахтаси устида дона суришганини ташрифнинг кулминацион жараёнларидан бири, дейиш мумкин.
Меҳмонлар Марказ биносининг иккинчи қаватидаги 226 ўринга мўлжалланган ва бир вақтнинг ўзида 286 кишига хизмат кўрсата оладиган Янги Ўзбекистон инновацион кутубхонаси билан ҳам танишди. АҚШ Президентининг махсус вакили Паоло Замполли китоб фонди 350 минг босма китоб сиғимига эга кутубхонада АҚШ кутубхона бўлими очилишини таклиф этди.
“Янги Ўзбекистон Янги Ренессанс пойдевори” бўлимида меҳмонлар Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Янги Ўзбекистоннинг сўнгги 10 йиллик тараққиёт босқичлари, халқаро алоқалари, ҳамкорлик муносабатлари акс эттирилган махсус видеоролик билан қарши олинди. Ушбу бўлим экспозицияларининг кўпгина инновацион лойиҳалардан иборатлиги меҳмонларда катта таассурот уйғотди. АҚШ Президентининг махсус вакили Паоло Замполли ташриф давомида ушбу бўлимдаги халқаро алоқалар экспозициясига АҚШ Конституцияси китобини туҳфа қилди.
Ташриф давомида делегация аъзолари нодир Усмон Мусҳафи жойлаштирилган, Қуръон нусхаларининг нодир қўлёзмалари, қадимий китобат анъаналари, исломий китоб маданияти ва хаттотлик санъатининг ривожи намойиш этилган “Қуръони карим зали” билан ҳам танишдилар. Меҳмонлар ушбу зал марказида жойлаштирилган нодир Усмон Мусҳафининг ЮНЕСКО “Жаҳон мероси” рўйхатига киритилганини юқори баҳолаб, муҳим ишончли манба эканлигини эътироф этишди. Бу ҳам Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббусининг самарали натижасидир.
Паоло Замполли, АҚШ Президентининг махсус вакили:
— Энг аввало, ушбу Ислом цивилизацияси марказига олдиндан ташриф буюриш имконини бергани учун жаноб Президентга самимий миннатдорлик билдираман. Бу марказ ҳақиқатан ҳам ажойиб ва беқиёс лойиҳа. Мен сентябр ойида келган эдим ва бугун муқаддас китоб ёнида туриш шарафига ҳам эга бўлдим.
Охирги уч ой ичида АҚШ ва Ўзбекистон Президентлари ўртасидаги муносабатлар жуда юқори суръатда ривожланмоқда. Президентлар бир неча ой ичида уч марта учрашди, бу эса жуда катта ютуқ.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев билан Швецариянинг Давос шаҳрида давлат раҳбарлари учрашувида иштирок этганмиз. Ўзбекистонда спорт соҳаси ҳам жадал ривожланмоқда, тўғри йўлдан бормоқда. Бу ҳақиқатан ҳам янги Ренессанс даври. Яна бир бор табриклайман. Биргаликда ишлашда давом этайлик ва АҚШ ҳамда Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлайлик. Ўзбекистонни олтин давр сари яна буюк қилайлик. Ўзбекистонга FIFA Жаҳон чемпионати йўлида омад тилайман.
Тимоти Цун Тинг Фок, Шарқий Осиё бўйича ООК Биринчи вице-президенти:
– Аввало, ушбу анжуманни гўзал Тошкент шаҳрида ташкил этганингиз ва мамлакатингизга ташриф буюриш имконини берганингиз учун миннатдорлик билдираман. Ислом цивилизацияси маркази менда жуда кучли таассурот қолдирди. Бу ерда Ўзбекистоннинг бой тарихи, илм-фан, тиббиёт ва маданиятга қўшган улкан ҳиссаси яққол намоён этилган.
Музей ўтмиш ва бугунни узвий боғлаб, қадимий цивилизациядан замонавий ва дадил ривожланаётган давлат сари олиб борилаётган йўлни аниқ кўрсатади. Айниқса, Буюк Ипак йўли мавзуси ва аждодлар ҳаёт тарзи акс этган бўлимлар алоҳида қизиқиш уйғотди.
Президент Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида қисқа вақт ичида амалга оширилган бундай йирик лойиҳа халқаро миқёсда ҳам жуда юқори баҳога лойиқ. Бу марказ нафақат тарихий билимлар маскани, балки халқларни яқинлаштирувчи, ўзаро тушунишни мустаҳкамловчи макондир.
Шунингдек, Ўзбекистонда спорт соҳасига берилаётган катта эътибор ва замонавий инфратузилма ёш авлод учун кенг имкониятлар яратмоқда. Спорт соғлом турмуш тарзи билан бирга бирдамлик ва ҳамкорликни ҳам мустаҳкамлайди.
Мен Осиё Олимпия Кенгаши вице-президенти сифатида Ўзбекистоннинг ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатларини юксак баҳолайман ва келгусида ҳамкорлик янада кенгайишига ишонаман.
Ҳусайн Ал-Мусаллам, World Aquatics халқаро ташкилоти президенти:
— Тошкент шаҳридаги ушбу гўзал Ислом цивилизацияси марказида бўлишдан жуда мамнунман. Дунёнинг беш қитъасидан келган ҳамкасбларим билан бирга ташриф буюрдик. Биз Ўзбекистоннинг 3000 йиллик бой тарихи ва цивилизацияси қандай уйғун ва чиройли тарзда намоён этилганидан катта таассурот олдик. Барча даврлар ўзаро боғлиқ ҳолда жуда пухта ва таъсирли тарзда тақдим этилган. Сизни бу ердаги ютуқлар билан табриклайман. Бу ҳақиқатан ҳам катта ютуқ. Келаси йил ноябрь ойида Тошкентда сузиш бўйича жаҳон чемпионати бўлиб ўтади. Дунёнинг барча чемпионлари бу ерга ташриф буюриб, ушбу музейни ҳам томоша қилишади.
Ҳожи Ҳожиев, Қозоғистон Миллий Олимпия қўмитаси вице-президенти:
– Президентингиз ташаббуси билан ташкил этилган ушбу марказ ҳақидаги таассуротларим ниҳоятда ижобий. Бу маскан анъана ва тарихни асраб-авайлаш йўлидаги улкан ва беқиёс ташаббусдир. Шундай муҳим қарор учун ҳурматли Президентингизга чуқур миннатдорлик билдираман.
Бу марказнинг аҳамияти шундаки, у нафақат хорижий меҳмонлар учун, балки энг аввало ёш авлод учун хизмат қилади. Ёшлар ўз илдизларини, тарихини билиши, уни ҳис қилиши ниҳоятда муҳим. Агар тарихни кўриш, ҳис этиш имконияти яратилса, ёшларда ўз ўтмишига нисбатан ҳурмат ва миннатдорлик туйғуси шаклланади. Бу шунчаки сўз билан эмас, балки тарихнинг амалда намоён этилиши орқали амалга ошади.
Мактабда, оилада бериладиган тарбия билан бир қаторда, мана шундай марказлар ёшлар онгида тарихга бўлган муносабатни янада мустаҳкамлайди. Улар ўз халқининг буюк тарихга эга эканини фақат эшитибгина қолмай, уни кўз билан кўриб, қалбан ҳис қилади. Бу эса ниҳоятда катта тарбиявий ва маънавий аҳамиятга эга.
Шу боис, Президентингизга яна бир бор чуқур миннатдорлик билдирмоқчиман. Чунки бу ерда фақат Ўзбекистон тарихи эмас, балки бутун Марказий Осиё, Буюк Ипак йўли тарихининг муҳим саҳифалари ҳам ўз аксини топган. Очиғини айтганда, бундай кенг қамровли ва мукаммал мажмуа Марказий Осиё ҳудудида деярли мавжуд эмас.
Айниқса, исломдан аввалги ва исломдан кейинги даврларни бир бутун ҳолда намойиш этиш — жуда қатъий ва жасоратли қарордир. Шунингдек, тарихий артефактларни ватанга қайтариш ишлари бошланганини алоҳида эътироф этиш лозим. Бу халқингизга ўз тарихини кўриш, ҳис қилиш, буюк давлат ва буюк халқ тарихининг қандай шаклланганини англаш имконини беради.
Бундай ташаббуслар миллий ўзликни англаш, тарихий хотирани тиклаш ва келажак авлодни буюк ўтмиш руҳида тарбиялашда беқиёс аҳамиятга эга.
Виктор Ҳусарман, World Aquatics компанияси президенти маслаҳатчиси:
– Ислом цивилизацияси марказига ташриф менда жуда катта таассурот қолдирди. Менимча, дунёда бундай марказ йўқ. Кўплаб мамлакатларда бўлганман, жумладан, ислом динининг илдизлари шаклланган Яманда ҳам бўлганман, у ерда ажойиб масжидлар ва исломга оид кўплаб тарихий ёдгорликларни кўрдим. Бироқ ушбу марказ мутлақо бетакрор ва ягона. Бу ерда нафақат ислом тарихи, балки Ўзбекистон тарихи ва маданиятига оид улкан ва қимматли коллекция жамланган. Шу боис, мен жуда катта таассурот олдим.
Ўзбекистон спорт соҳасида ҳам сўнгги йилларда катта ютуқларга эришди. Париж Олимпиадасида қўлга киритилган саккизта олтин медаль мамлакатнинг спорт салоҳияти юқори эканини кўрсатди. Медалларнинг асосий қисми яккакураш ва жанг санъатлари спорт турларига тўғри келди. Бугун Сув спортлари маркази барпо этилаётгани мамлакатнинг бошқа спорт йўналишларига ҳам очилаётганини англатади. Президент ва Олимпия қўмитаси раҳбарияти билан биргаликда янги иқтидорларни тарбиялаш, уларни нафақат Тошкентда, балки бутун мамлакат бўйлаб кашф этиш учун катта имкониятлар мавжуд.
Спорт ва маданият бугунги кунда дунёдаги қарама-қаршиликлар фонида умумий тил вазифасини ўтайди. Маданият турли халқлар ўртасида кўприк вазифасини бажаради, тарихий илдизлар ва ёдгорликларни намоён этиш орқали инсонларни яқинлаштиради. Менинг тушунишимча кўра, ҳар йили махсус ишчи гуруҳ дунё бўйлаб тарихий ёдгорликлар ва илдизларни топиб, уларни Ўзбекистонга қайтариш ва ушбу марказда намоён этишга ҳаракат қилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёевнинг бу ташаббуслари барчамиз томонидан қўллаб-қувватланиши керак. Спорт ҳам шундай универсал ва тинчликка хизмат қилувчи платформа бўлиб, турли давлатларни бирлаштиради.
Осиё Олимпия Кенгаши доирасида ҳам Ўзбекистон жуда фаол ўрин тутмоқда. 2029 йилда Осиё ёшлар ўйинларига мезбонлик қилиш режалаштирилгани мамлакатнинг нафақат ўз ривожига, балки бутун минтақавий ва жаҳон спорт ҳамжамиятига қўшаётган ҳиссасини кўрсатади.
Марказдаги экспонатлар ҳам менда катта қизиқиш уйғотди. Масалан, аввал Ҳиндистондан келиб чиққан деб ҳисобланган шахматнинг 400 йил аввалги намунаси аслида Ўзбекистонда пайдо бўлгани ҳақида маълумот олдим. Бу мен учун янги ва қизиқ факт бўлди. Шунингдек, Қуръондан кейин X асрда яратилган, ислом дунёсига оид маълумотларни жамлаган китоб ҳақида ҳам билиб олдим. Бу — жуда катта маданий ва илмий ютуқлар. Шу сабабли бу ерда тўпланган артефактлар мени жуда ҳайратлантирди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган Ислом цивилизацияси маркази билан танишув ушбу масканнинг фақат музей эмас, балки тарих, илм ва келажакни боғлаб турувчи интеллектуал майдон эканини яна бир бор намоён этди. Ушбу ташриф спорт дипломатияси билан бир қаторда маданий-маърифий мулоқот ҳам қанчалик муҳим эканини кўрсатиб берди.




