Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: Ўзбекистон ва Россия тажрибаси

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: Ўзбекистон ва Россия тажрибаси

 

fvekryveryvparypvaryvap.jpg  

       Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказда "Замонавий дунёда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: Ўзбекистон ва Россия тажрибаси" мавзусида ҳуқуқий коллоквиум бўлиб ўтди. Ушбу тадбир Россия Федерацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси Татьяна Москалькованинг мамлакатимизга ташрифи доирасида ташкил этилди.

       Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов  халқаро вазият тобора мураккаблашиб, беқарорлик даражаси ошиб бораётган ҳозирги кунда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар дунёнинг кўплаб мамлакатларида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга катта ҳисса қўшаётганларини таъкидлади.

      Бугунги кунда дунёнинг 150 давлатида қарийб 200 та инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институт ташкил этилган. Шунингдек, 140 мамлакатда мингдан ортиқ омбудсман институтлари фаолият юритмоқда.

       Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида биринчи бўлиб инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тизимини яратди. Бу тизимга Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани), Президент ҳузуридаги Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институти ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази киради.

        Россия Федерацияси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, МДҲ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссияси раиси Татьяна Москалькова Миллий марказ раҳбариятига ҳуқуқий коллоквиумда маъруза билан иштирок этиш имконияти яратилгани учун миннатдорчилик билдирди. Инсон ҳуқуқлари бўйича вакиллик институти Россия Федерациясида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг энг ёш ва жадал ривожланаётган демократик институтларидан бири эканига эътибор қаратди.

       Муваффақиятли ҳамкорликнинг натижаси ўлароқ, Татьяна Москалькова биринчилардан бўлиб Ўзбекистоннинг инсон  ҳуқуқлари соҳасидаги юксак мукофоти –  Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан таъсис этилган "Инсон ҳуқуқлари ҳимояси учун" кўкрак нишонига сазовор бўлди.

       Тадбир давомида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси ижроси доирасида эришилган ютуқлар ҳақида сўз юритилди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги миллий тажриба, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятини янада ривожлантириш истиқболлари, соҳага оид қонунчиликдаги янгиликлар ва Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.