Ҳиндистоннинг бош масжиди

 

Ҳиндистоннинг бош масжиди

 

 

 vrovnrovenouvo.jpg

 

1656 йилда Шоҳжаҳон томонидан қурилган Деҳлидаги жоме масжиди Ҳиндистоннинг бош масжиди ҳисобланади. Уни беш минг ҳинд, араб, турк, форсий, ҳатто европалик қурувчи ва мутахассислар олти йил давомида барпо этганлар. Унинг асл номи “дунё вакили бўлган масжид”дир. Кийик терисига ёзилган Қуръони карим нусхаси мажсиднинг асосий ёдгорлиги саналади.

Деҳли Жоме масжидида бира тўла 26 минг намозхон ибодат қила олади. Унинг икки минораси, учта гумбази бор. Жоме масжиднинг очилиш маросимига Шоҳжаҳон Бухорои шарифдан Сайид Абдулғофур Бухорий ҳазратларини таклиф этган. Кейинчалик шайх ҳазратлари Шоҳжаҳон салтанати бош имом-хатиби этиб тайинланган.

Шоҳжаҳон томонидан “Жоме” масжидга Бош имом этиб Сайид Aбдулғофур Шоҳ Бухорий тайинланади. У буюк бобокалонимиз, муҳаддис илмининг султони Имом ал-Бухорий авлодларидандир. Буни қарангки, “Жоме” масжиди ташкил топгандан ҳозирги вақтга қадар 13 нафар имом айнан Бухорий нисбасига эга бўлган.

Бундан ташқари, Шоҳжаҳон Aгра, Aжмер ва Лаҳорда ҳам бир қанча масжидлар бунёд эттирган.

Жоме марказида фаввора бўлиб унга 40 метр пастликдан тошдан ясалган ускуналар босими остида сув чиқарилган.

Жоме масжиди 1856 йилга қадар салтанат  диний бошқаруви учун ҳам макон бўлган. Инглиз истилочилари Ҳиндистонни эгаллагач, масжидни бузиб ташламоқчи бўлдилар. Лекин халқ оёққа туриб уни ҳимоя  қила олди.

Деҳлидаги Жоме масжиди нафақат нодир меъморий иншоат, балки Ҳиндистонда ислом тарғибот марказларидан бири сифатида ҳам фаолият кўрсатмоқда.