Имом Бухорийнинг машҳур асари ўзбек тилига ўгирилди
Имом Бухорийнинг машҳур асари ўзбек тилига ўгирилди
Ҳадис илмининг султони Имом Бухорийнинг ислом оламида машҳур бўлган “Халқу афъолил ибод” – “Бандаларнинг амалларини Аллоҳ яратиши” асари илк марта ўзбек тилига таржима қилинди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази мутахассислари асар таржимаси ва шарҳини тайёрлаш бўйича икки йил давомида чуқур илмий изланишлар олиб борган.
Муаллиф “Халқу афъолил ибод” китобини умри охирлаб қолганда, 870 йилда ёзган. Унда Қуръон оятлари, ҳадиси шарифлар ва уламоларнинг сўзлари орқали масалалар ёритилган. Китобга жами 628 ҳадис киритилган. Ўқувчига осон ва тушунарли бўлиши учун таржима чоғида 257 та изоҳ ва шарҳ, 248 та англатма ёзилган.
Асар Ўзбекистон мусулмонлар идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ва Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказининг етакчи мутахассислари томонидан таҳрир қилинган.
Имом Бухорийнинг “Халқу афъолил ибод” асари “Вақф” фондига ажратилган маблағлар ҳисобидан нашр этилди. Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан шу вақтга қадар алломанинг “Саҳиҳул Бухорий”, “Тарихус соғир“, “Биррул волидайн” каби асарлари ўзбек тилига ўгирилди. Уламонинг қолган асарларини ҳам таржима қилиш бўйича изчил иш олиб борилмоқда.