Имом Бухорийнинг ҳадис илми

Имом Бухорийнинг ҳадис илми

 

ukkpyueryvpr.jpg 

 

         Имом Бухорий Ислом олами ва муҳаддислар орасида “Имом ул-Муҳаддисийн” - барча муҳаддисларнинг пешвоси деб ҳурмат билан тилга олинади. Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” (Ишонарли тўплам) асари Ислом дини таълимотида Қуръони каримдан кейин асосий манба сифатида фойдаланилади. Имом Бухорий яшаган даврдан олдин нашр этилган ҳадис китобларида саҳиҳ ва ғайри саҳиҳ ҳадислар аралаш ҳолда берилган бўлиб, ўқувчи улардаги  бирор ҳадисни тўғри ёки нотўғри эканлигини, ҳадис ривоят қилувчининг аҳволини текширмай ва аниқламай туриб, билолмасди. Бунинг учун ўқувчи ўша ҳадисга аниқлик киритиш мақсадида уламолардан сўрашга мажбур бўларди.

         Мана шундай даврда Имом Бухорий жами 600 мингга яқин ҳадис тўплаб, шулардан 100 минг «саҳиҳ» ва 200 минг «ғайрисаҳиҳ» ҳадисни ёддан билган. Бухорий ўзининг ноёб қобилияти иқтидори, қувваи хофизасининг ўта кучлилиги билан илм аҳилларини лол қолдирган. Ҳадис илмига ўта фидоийлик, ақл-заковатини бахшида этиш, Бухорийга шон-шараф келтирган.

         Унинг ислом дунёсининг энг буюк алломаларидан бири сифатида танитди. “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” китобини 16 йилда ёзиб тугатиб, унга 7275 дан ортиқ саҳиҳ ҳадисларни бобларга ажратиб тартибли равишда жамлади.

         Имом Бухорийнинг “Ал-Жомиъ ас-Саҳиҳ” китобига машҳур олимлар томонидан юздан зиёд шарҳ ва хошиялар битилган. Жумладан, уларга “Фатҳул-Борий”, “Ал-Кавкаб ад-Дарорий”, “Иршодус-Сарий”, “Умдат ал-Қорий”, “Файзул Борий” ва бошқа кўплаб шарҳларни мисол қилиб келтириш мумкин.

         Бундан ташқари, Имом Бухорийнинг “Ал-Адаб ал-Муфрад” (“Одоб дурдоналари”), “Бирр ул-Волидайн” (Ота-онани ҳурмат қилиш), “Ат-Тарих ал-Кабир” (“Катта тарих”), “Ат-Тарих ал-Авсат” (Ўртача тарих), “Ат-Тарих ас-Сағийр” (Кичик тарих), “Ал-Жомеъ ал-Кабир” (“Катта ҳадислар тўплами”), “Китаб ал-Илал” (“Нуқсонли ҳадислар китоби”), “Китаб ал-Куня” (“Ҳадис ровийларининг тахаллуслари”) каби йигирмадан ортиқ асарларлари мавжуд.

         Имом Бухорийнинг бошқа асарлари орасида “Тафсир ал-Куръон” (“Куръон тафсири”) китобини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Бухорий асарлари мусулмон дунёсининг барча мадраса ва дорилфунунларида пайғамбар  суннатлари бўйича асосий дарслик, қўлланма ҳисобланади. Жамоат арбоблари, олиму уламолар ва дин пешволари Бухорий асарларига таяниб иш тутадилар.

         Шунингдек, Имом Бухорий яратган “Ал-адаб ал-Муфрад” (“Одоб дурдоналари”) асари катта тарбиявий аҳамиятга молик беназир тўпламдир. 1322 ҳадис ва хабар жамланган бу асар Туркия ва Мисрда бир неча марта чоп этилган. Унинг ўзбекча таржимаси 1990 йилда Тошкентда нашр қилинган. Ровийларнинг куняларига бағишланган “Китоб ал-Куна” (“Кунялар ҳакида китоб”) 1940 йили Ҳиндистонда чоп этилган. Бухорийнинг “Ат-тарих ал-кабир” (“Катта тарих”) китоби эса Туркияда 9 жилдда нашр этилган.

         Имом Бухорийнинг ушбу асари қўлёзмасининг баъзи қисмлари Хайдаробод кутубхонасида сақланади. Шунингдек, “Ат-тарих ас-сағийр” (“Кичик тарих”) ҳам ҳадис тарихига оид қимматли асар ҳисобланади. Бу асар Ҳиндистон ва Қохирада чоп этилган. Имом Бухорий яратган “Китоб ал-Фавоид” (“Фойдали ашёлар ҳақида китоб”), “Ал-Жомий ал-Кабир” (“Катта таянч”), “Хал афъол ал-ибод” (“Аллох бандалари ишларининг табиати”) ва баъзи бошқа асарлари бизгача етиб келмаган.

         Имом Бухорийнинг бошқа асарлари орасида “Тафсир ал-Куръон” (“Куръон тафсири”) китобини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Бухорий асарлари мусулмон дунёсининг барча мадраса ва дорилфунунларида пайғамбар  суннатлари бўйича асосий дарслик, қўлланма ҳисобланади. Жамоат арбоблари, олиму уламолар ва дин пешволари Бухорий асарларига таяниб иш тутадилар.

         Имом Бухорийнинг ижодий мероси ўзининг ҳажми, замонасининг диний ва ижтимоий фанларини тўла-тўкис қамраб олганлиги билан кишини ҳайратга солади.